Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Аэропортда санитария-эпидемиология осойишталиги таъминланган
2020-03-19 | Соғлиқни сақлаш
Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ҳам ушбу касалликка қарши тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
“Uzbekistan Airports” АЖ томонидан бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиология тузилмалари ва бошқа бир қатор алоқадор ташкилотлар, хизматлар билан ҳамкорликда касалликка учраганларни аниқлаш, учиб кетаётган ва учиб келаётган йўловчилар бўладиган барча ҳудудларни тозалаш, хусусан, кутиш зали, ўриндиқлар, йўлаклар, рўйхатдан ўтиш жойлари, автобусларни дезинфекциялаш йўлга қўйилган.
- Аэропортга қўнган ҳар бир ҳаво кемасида дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан махсус тепловизор ёрдамида йўловчилар тиббий кўрикдан ўтказилади, - дейди Маҳаллий ҳаво йўналишларида йўловчи ташишни ташкил этиш хизмати бошлиғи Нўъмон Сатторов. - Ҳудудимизда, ишчи-хизматчилар, йўловчилар орасида таҳликага тушиш ёки бошқа бирор кўнгилсиз ҳолатлар умуман кузатилгани йўқ. Бино ичи, атрофида “COVID 20192” билан боғлиқ қўлланмалар, ахборот варақалари илинган. Бундан ташқари, барча зарур маълумотлар ОАВ, аэропорт ҳудудидаги овоз кучайтиргичлар ва бошқа воситалар орқали мунтазам равишда йўловчиларга етказиб турилибди. Ҳамма юзага келган вазиятни яхши тушуниб турибди. Ҳеч қандай жиддий хавф-хатарга ўрин йўқ.
Ҳудудда асосий, кенг кўламли тозалаш тадбири ҳафтасига 2-3 марта ўтказилади. Бундан ташқари ҳар куни бир марта одатдаги дезинфекция амалга оширилади. Шунингдек, кунига уч маҳал бино ичи, атрофи, барча бўлинмалар тўлиқ намлаб артиб чиқилади.
- Тошкент халқаро аэропорти орқали заминимизга қўнаётган халқаро ва маҳаллий рейсларда учиб келаётган барча йўловчилар ходимларимиз томонидан махсус тепловизорлар орқали термометриядан ўказилмоқда, - дейди Фуқаро авиацияси объектларида санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг санитария-карантин пункти мудири Наргиза Мирсодиқова. - Ишлатилаётган замонавий тепловизорлар бир неч хил бўлиб, мазкур ускуналар ёрдамида салондаги йўловчиларнинг тана ҳарорати масофадан туриб ўлчанади. Ҳарорати меъёридан юқорилиги кузатилган фуқаро санитария-карантин пунктида навбатчилик қилаётган инфекционист-шифокор ва бошқа мутахассис-шифокорлар ҳамкорлигида кўрикдан ўтказилади. Ташҳис натижасига қараб, бемор билан керакли муолажалар ўтказилади. Масалан, у касалхонага ётқизилиши ёки лозим бўлган бошқа эпидемиологик чора-тадбирлар кўрилиши мумкин.
Фуқаро авиацияси объектларида санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг санитария-карантин пунктига шаҳар санитария-эпидемиология осойишталиги маркази ҳамда шаҳар юқумли касалликлар шифохонасидан қўшимча равишда ҳар бир сменага мутахассис шифокорларлар жалб этилган. Фавқулодда ҳолатларда зарур бўладиган барча профилактик эпидемиологик тадбирларни айнан шу мутахассислар амалга оширишади.
Эслатиб ўтамиз, айни пайт ер юзида коронавирус тарқалиши билан боғлиқ кескин вазият ҳукм сураётганлиги муносабати билан мамлакатимизда халқаро йўналишдаги барча мунтазам авиақатновлар тўхтатилган. Пойтахт аэропорти фақат хорижий давлатлардаги ҳамюртларимизни юртимизга олиб келиш учун йўлга қўйилган чартер рейсларнигина қабул қилмоқда ва кузатмоқда.
Маҳаллий йўналишларга хизмат кўрсатувчи “Тошкент-3” аэропорти эса бир маромда ишлаяпти. Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаво қатновлари тўхтагани йўқ, аксинча рейслар сонини кўпайтириш чоралари кўриляпти. Шу кунларда кунига ўртача 20 дан зиёд қатновлар амалга оширилмоқда.
Манба: ЎзА