Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2020-03-18 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини ва ҳаёт сифатининг барқарор яхшиланишини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Рақамли Тошкент” комплекс дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) амалга ошириш бўйича таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи “Рақамли Тошкент” комплекс дастури:

2020-2021 йилларда жорий этиладиган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

“Рақамли Тошкент” комплекс дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;

2020 йилда телекоммуникация инфратузилмасини кенгайтириш бўйича лойиҳалар рўйхати 3-иловага мувофиқ;

2021-2023 йилларда истиқболли ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Дастурнинг асосий вазифаси этиб шаҳар хизматларини бошқариш, ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш, йўл транспорт ва коммунал инфратузилманинг интеграциялашган ахборот муҳитини яратиш ва кейинчалик муваффақиятли тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида татбиқ этиш белгилансин.

3. Дастурга асосан 2020 йилда қуйидагилар амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин:

1 майга қадар авиа, темир йўл ва бошқа транспорт хизматларига электрон чипталарни онлайн сотиб олиш ягона ахборот тизимини жорий этиш;

1 сентябрга қадар барча умумтаълим мактабларида журнал ва ўқувчиларнинг кундаликларини қоғоз шаклида юритишни бекор қилиш ҳамда уларни электрон тарзда юритишга мўлжалланган ягона ахборот тизимини ишга тушириш;

1 ноябрга қадар коммунал хизматлар (табиий газ, электр энергияси, ичимлик сув ва иссиқ сув) бўйича тўловларни онлайн тўлаш ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни таъминловчи “Менинг уйим” ягона ахборот тизимини жорий этиш;

1 декабрга қадар “Ягона электрон тиббий карта” ахборот тизимини жорий этиш ва “Электрон поликлиника” ахборот тизимига 62 та оилавий поликлиникани улаш.

4. Қуйидагилар:

а) Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигида масъулияти чекланган жамияти шаклида Рақамли ривожланиш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

шаҳарнинг географик ахборот-таҳлил тизимини яратиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини, маълумотлар базаларини ва бошқа ахборот манбаларини ягона дастурий платформа орқали Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

Дастурнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот тизимларида маълумотларнинг ҳимояси ва сақланишини таъминлаш бўйича самарали ишларни ташкил этиш;

ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни тижоратлаштириш, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг кредитлари ва грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб қилиш;

б) Департамент тузилмасида тармоқ Лойиҳа офислари (кейинги ўринларда – Лойиҳа офислари) ташкил этилсин ва уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг концепциялари, лойиҳа ва техник ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тегишли йўналишлардаги ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларга хизмат кўрсатиш;

шаҳар хизматларининг рақамли маълумотларини бирхиллаштириш ва уларнинг Дастурга интеграциялашуви, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларида ягона идентификатор ва таснифлагичларни жорий қилиш ҳамда улардан фойдаланиш;

в) Департамент ҳузурида “Рақамли пойтахт” ахборот-таҳлил маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

шаҳар хизматларида ахборот тизимларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги натижасида олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш;

шаҳар атроф-муҳитини ривожлантиришда тизимли муаммоларни аниқлаш, шаҳар хизматлари самарадорлигини ошириш ва умуман, шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Департамент фаолиятини ташкил этсин, уни малакали мутахассислар билан тўлдирсин.

5. Белгилансинки, Департамент ходимларига давлат бошқаруви органларининг ходимларига белгиланган иш ҳақи миқдори ҳамда қонунчиликда белгиланган қўшимча ва устамалар қўлланилади.

Тошкент шаҳар ҳокимига Департаментга мутахассисларни бир йиллик меҳнат шартномалари асосида иш ҳақини мустақил белгилаган ҳолда ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов (тендер) савдоларини ўтказмасдан, тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали мустақил консалтинг ташкилотларини жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари Департаментнинг жорий харажатларини молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Департаментнинг жорий харажатларини молиялаштиришни 2020 йилда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан, 2021 йилдан бошлаб Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

6. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб қуйидаги йиғимлар ва жарималар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилсин:

а) тўлиқ миқдорда:

Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) ҳуқуқи учун ойлик йиғим, ташқи реклама объектлари учун реклама жойлари паспортларини беришдан тушадиган маблағлар ҳамда ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқи учун электрон аукцион якунлари бўйича тўланган маблағлар (аукцион савдоларини ўтказганлик учун савдо ташкилотчисига тўланадиган маблағ чегириб қолинган ҳолда);

Тошкент шаҳрида ташкил этилган йўл четида пуллик вақтинча автомобиль тўхтаб туриш жойларида тўхтаб туриш қоидаларини бузилганлиги учун жарималар;

б) Тошкент шаҳрида махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг 80 фоизи, қолган 20 фоизи эса – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига.

7. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Ижро аппарати тузилмасига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ҳоким ўринбосари – Департамент раҳбари лавозими киритилсин.

Белгилансинки, вазирликлар ва бошқа давлат органлари раҳбарларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул бўлган ўринбосарлари Департамент ва Лойиҳа офислари билан самарали ҳамкорлик қилиш учун шахсан жавобгардир.

8. Белгилаб қўйилсинки, Дастур доирасида:

Лойиҳаолди ўрганишлар, лойиҳани амалга ошириш бўйича концепция ва техник топшириқларни ишлаб чиқиш Лойиҳа офислари томонидан амалга оширилади;

Лойиҳа-техник ҳужжатларининг экспертизаси фақат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан ўтказилади;

Aхборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларни ва интеграторларни жалб қилиш, улар билан шартномалар тузиш Департамент томонидан танлов орқали амалга оширилади;

Департамент ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилар ва интеграторлар билан 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда лойиҳалар бўйича Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки резидентлари ўртасида танлов ўтказиш йўли билан шартнома имзолаш ҳуқуқига эга.

9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ноёб идентификаторлар, каталоглар ва таснифлагичлардан фойдаланилиши бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини тўлиқ хатловдан ўтказилишини;

идоралараро электрон ҳамкорликнинг ягона технологик талаблари, стандартлари ва шаклларини, шунингдек, Дастурни амалга ошириш доирасида таснифлагич ва маълумотномалар рўйхати тасдиқланишини;

амалдаги маълумотлар базалари ва дастурий маҳсулотларнинг бошқа ахборот тизимлари билан ўзаро интеграциясини амалга ошириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларини интеграция қилиш чоралари ишлаб чиқилишини;

Департамент ва Марказга Тошкент шаҳрининг “Хавфсиз шаҳар” интеграциялашган тизимига кириш ҳуқуқи берилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети негизида давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимлари – Дастур ижрочиларининг рақамли технологиялар ва дастурий маҳсулотлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини босқичма-босқич ошириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

11. “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар аппарат-дастурий комплексларни яратиш бўйича мавжуд давлат стандартлари ва техник талабларини қайта кўриб чиқсин.

12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

а) 2020 йил 1 сентябрдан ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишда давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагиларга мажбурдирлар:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона технологик ечимлар, таснифлагичлар ва стандартлардан фойдаланиш;

дастурий маҳсулотларни жорий этишда асосан лицензиялаш чекловларидан холи ягона очиқ форматдаги электрон ҳужжатлардан фойдаланишни таъминлаш;

тасдиқланган тегишли миллий стандартлар ва техник талабларга мувофиқ аппарат-дастурий тизимларни ўрнатиш;

б) 2020 йил 1 майдан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида ахборотни шакллантириш, сақлаш ва қайта ишлаш фақат қуйидаги ноёб идентификаторлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади:

жисмоний шахслар – жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);

юридик шахслар – солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

кўчмас мулк – кадастр рақами;

манзиллар – географик код;

транспорт воситалари – транспорт воситасининг идентификация рақами.

Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тегишли йўналишларда махсус ўзига хос идентификаторлар белгиланиши мумкин.

13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2020 йил 1 майга қадар шаҳар инфратузилмасининг ҳолати, давлат хизматларининг сифати ва аҳолини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун “Халқ назорати” портали ва мобил иловасини ишга туширсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография
ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўзбекистон Миллий географик ахборот тизими фаолияти доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлигига зарур картография материалларини беғараз тақдим этсин, шунингдек, кўчмас мулк объектлари манзилларининг ягона реестрига кириш, кўчмас мулк объектларига географик жойлашишни ҳисобга олган ҳолда объектнинг фазовий маълумотларини тақдим этсин.

15. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли Тошкент вазиятлар марказини Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, И.Каримов кўчаси, 51-бинода жойлашган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳудудида қуриш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазиятлар марказининг қурилишини молиялаштириш учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети қўшимча даромадлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан зарур маблағларни ажратсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда “Ўзбектелеком” АК Ахборотни қайта ишлаш марказининг технологик майдончасида Дастур лойиҳаларини жойлаштириш учун зарур сервер имкониятларини белгиланган тартибда ажратишни таъминласин.

17. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда:

комплекс дастур лойиҳалари амалга оширилишининг жамоатчилик назоратини ташкил этиш, лойиҳаларнинг ҳолати, иштирокчилари, молиялаштириш ва зарур ускуналарни етказиб берувчилари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш учун очиқ ахборот порталини ишга туширсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Дастур доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини, шунингдек, қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш
ва қўшимчалар бўйича таклифлар киритсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда комплекс дастурнинг амалга оширилишини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласинлар.

19. Ушбу қарорнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш учун қуйидаги механизм жорий этилсин:

Департамент – ҳар ҳафтада назарда тутилган лойиҳалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилади, уларни амалга оширишда кечикиш сабабларини аниқлайди ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ва Тошкент шаҳар ҳокими – ҳар ойда Дастурнинг бажарилишини танқидий кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири – ҳар ойда камида бир марта тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг Дастур бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитади ва унинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажарилишини таъминлаш чораларини кўради.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 17 март

Манба: ЎзА

Поделиться