Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Умумтаълим мактаб ўқувчилари таътилни мазмунли ўтказиши учун керакли чоралар кўрилмоқда

2020-03-18 | Таълим

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган қарорга кўра мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари учун 16 март кунидан таътил эълон қилинди.

Ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги тизимига кирувчи барча таълим муассасаларида, жумладан, мактаб-интернатлар, “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги тўгараклар, А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва ходимларини қайта тайёрлаш ва малакаси ошириш институти, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказларида ўқув жараёнлари тўхтатилди.

Шу билан бирга, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида тарбияланувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу таълим-тарбия муассасаларига кириш ва чиқиш қатъий назоратга олиниб, турли хайрия тадбирлари чекланади.

Махсус комиссия йиғилишининг қарори билан умумий ўрта таълим муассасалари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларга ўқувчилар учун қўшимча эълон қилинган таътил даврида навбатдан ташқари меҳнат таътилини бериш имконияти яратилди (бунда, 1) истисно тариқасида, таълим муассасалари ва ташкилотларида навбатдан ташқари белгиланадиган таътил кунлари ҳар йилги асосий меҳнат таътилининг давомийлигини тегишли муддатга қисқартириш ҳисобига қопланиши; 2) 2019/2020 ўқув йили учун режалаштирилган таътил (2020 йилнинг 21 мартдан – 27 мартгача) даврида кўзда тутилган педагогик юкламалар педагоглар томонидан ўрнатилган тартибда ойлик иш ҳақлари сақлаб қолинган ҳолда масофадан туриб бажарилиши белгиланди).

Масофадан туриб ўқув жараёнини ташкил этиш ҳамда таълим муассаса ва ташкилотларнинг бино ва иншоотларини самарали сақлаш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида қўйидаги лавозимларда ишловчи ходимлар ўз фаолиятини иш жойида амалга оширади:

1.      Директор;

2.      Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари;

3.      Маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари;

4.      Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари (ёки хўжалик ишлари мудири);

5.      Психолог;

6.      Ёшлар етакчиси;

7.      Фаррош;

8.      Қоровул.

Ҳукумат комиссияси ўқувчиларнинг таътил пайтида билим олиши учун Халқ таълими вазирлигига Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан ҳамкорликда ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олиниши ҳамда эфир вақтларини ажратиш бўйича вазифалар юклатилди.

Мазкур видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва уни тасвирга олиш бўйича соҳа ходимларидан иборат ташкилий-ижодий гуруҳ тузилди ва ҳозирда видеодарсларни тасвирга олиш ишлари бошланди.

Видеодарслар тайёр бўлганидан кейин телевидение ва Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари (@uzedu) ва расмий веб-сайтларида (www.uzedu.uz), электрон ахборот порталлари (online maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади. Видеодарслар ва намойиш вақтлари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик расмий сайти, ижтимоий тармоқдаги саҳифалари ҳамда Kundalik тизими орқали чоп этиб борилади.

Видеодарслар тайёр бўлгунга қадар Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази тажрибали ўқитувчилар билан биргаликда ўқувчиларга таътил пайтида уйда мустақил тарзда таълим олишлари учун намунавий дарс тавсияларини ишлаб чиқди. Ҳозирда мазкур тавсиялар Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтига (www.uzedu.uz) жойланмоқда.

Намунавий тавсиялар ихтиёрийлик тамойили асосида бўлиб, фан ўқитувчилари ўзларининг йиллик иш режалари асосида тегишли ўзгартириш киритиши мумкин.

Ўқитувчилар ота-оналар билан ҳамкорликда телефон ёки интернет технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга таътил пайтида билим олишлари учун тавсиялар бериб боришлари сўралади.

Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларга қўшимча манбалар сифатида Khan Academy (https://uz.khanacademy.org), Edu Market (https://edumarket.uz), Eduportal (http://eduportal.uz), Kitob.uz (http://www.kitob.uz), Online Maktab (http://www.online-maktab.uz), Maktab.uzedu.uz (http://maktab.uzedu.uz) каби таълим ресурслари ва Utube.uz (https://utube.uz) ресурсидан ҳам фойдаланишларини тавсия этилади.

2019 йилда маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда Khan Academy лойиҳаси доирасида компьютер дастурлаш, математика, физика, кимё, алгебра ва геометрия фанларини жаҳон тан олган технологиялар асосида ўргатиш мақсадида 580 та видеодарслар яратилди ва 4,5 млн сўзлар инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилинди.

2020 йил якунига қадар жами 5600 видеодарслардан Khan Academy платформаси орқали ўзбек тилида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлади. Бу платформа ўқувчиларга дарсликлардан ташқари ўз билимини ошириш учун қўшимча манба сифатида хизмат қилади.

Edu Market платформаси замонавий технологиялар дунёсида болаларнинг ривожланиш машқлари шаклида тенг имкониятларни таъминлаш, IT кўникмалар ҳамда диққат, хотира ва мантиқий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган. Ҳозирги кунда платформа бошланғич синфлар учун қизиқарли машқлар ва топшириқларни ўз ичига қамраб олган.

Online Maktab ва maktab.uzedu.uz тизимларида ҳам турли видеодарслар эълон қилиб борилиши режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 23 мартидан бошлаб 4-11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида математика, физика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан онлайн олимпиадалар ташкил этилиши режалаштирилмоқда.Ўқувчилар олимпиадада бепул ва ихтиёрий равишда иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун иштирокчилар olympiad.uzedu.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши ва таҳсил олаётган таълим муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланиши керак бўлади. Онлайн олимпиадаларни фанлар бўйича ўтказиш жадвали olympiad.uzedu.uz веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, таътил даврида фанларга оид қўшимча материаллар билан таъминлаб бориш, эгаллаган билимларини баҳолаш, натижаларни онлайн мониторинг қилиш  учун имконият яратади.

Онлайн олимпиада топшириқлари мураккаблик даражаси турлича бўлган 20 та тест саволларидан иборат бўлиб, топшириқларни бажариш учун ўқувчиларга бир соат вақт ажратилади.

Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларининг таътил пайтида дам олишлари ва вақтларини самарали ўтказишларини, дарсларини ўз вақтида қилишларини назоратга олишларини сўраймиз.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться