Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухоро вилояти ҳокими Тожикистонлик сармоядорларни қабул қилди
2020-03-17 | Иқтисодиёт
Қоровулбозор тумани ҳудудидан қазиб олинаётган оҳактошга бўлган талаб ортиб бораётганига қарамасдан, таркибий жиҳатдан тўла ўрганилмаган ва ундан имконият даражасида қурилишбоп материаллар ишлаб чиқариш тажрибаси пухта ўзлаштирилган, дея олмаймиз. Оҳактошдан тобора гавжум кўриниш олаётган қурилиш бозорида иккиламчи ашё-клинкер ишлаб чиқариш технологиясини жорий қилиш мумкин экан.
Бу лойиҳани бизга Тожикистон Республикасида фаолият олиб бораётган “Воҳидиён" МЧЖ мутасаддилари таклиф этишмоқда. Қўшни давлат ишбилармон вакилларининг Ҳусейн Воҳидов раҳбарлигидаги делегацияси Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Карим Камолов қабулида шу хусусда музокара олиб бордилар.
-Оҳактош кукунидан клинкер ишлаб чиқариладиган завод келгусида турдошлари каби рақобатбардош ва барқарор фаолият кўрсатадиган корхонага айланишига ишонамиз,-деди “Воҳидиён" МЧЖ раҳбари Ҳусейн Воҳидов. -Бунинг учун 1,5 миллион АҚШ доллари сармоя киритишга, зарур технологияни хориж давлатларидан, ишлаб чиқариш ускуналарини Хитой Халқ Республикасидан, экологик меъёр талабларига жавоб берадиган, яъни ишлаб чиқариш жараёнида заҳарланишлардан халос бўлиш, чиқиндиларни тозалаш мақсадида Италия давлатидан технология келтириб ўрнатишга қўшимча 1 миллион АҚШ доллари сарфлашни режалаштирганмиз.
Энг муҳими, музокара муваффақиятли якун топса, шу йил охиригача қуриб, ишга туширилиши кўзда тутилаётган корхонада бир кеча-кундузда 1300 тонна оҳактош хом ашёсини қайта ишлаш, унда 50 дан ортиқ маҳаллий ёшни иш билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Қолаверса, экспортга чиқариладиган ярим тайёр қурилиш ашёсидан йилига 25 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда кўриш мумкин.
Ўз ўрнида вилоят раҳбари лойиҳа истиқболига ишонч билдирар экан, икки қўшни мамлакатнинг ўзаро тенг шерикликдаги иқтисодий ҳамкорлиги пировардида халқларимиз турмуши фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги