Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳурматли ота-оналар ва МТТ раҳбарлари!
2020-03-17 | Жамият
2020 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мамлакатимиз аҳолисининг саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча турдаги МТТлар фаолиятини тўхтатишга қарор қабул қилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасидаги барча МТТларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси раҳбариятининг хати юборилди. Унда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун МТТлар вақтинча ёпилиши ҳақида хабардор қилинган.
Шунингдек, 15 март куни Мактабгача таълим вазирининг Ўзбекистон Республикасидаги барча МТТлар карантинга ёпилиши тўғрисидаги буйруғи ҳам эълон қилинди. Бу вақт мобайнида МТТларда дезинфекция чоралари кўрилади ва Санитария-эпидемиология агентлигининг туман вакиллари билан биргаликда санитария-эпидемиологик тадбирлар ташкил этилади.
МТТлар фаолиятининг қайта бошланиш санаси алоҳида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур чоралар — бу биринчи навбатда болалар ва ота-оналарни ушбу вирус инфекцияси билан зарарланиш эҳтимолидан ҳимоя қилишдир.
Шунингдек, СЭН талаблари бажарилмаса, МТТ раҳбарияти жиноий жавобгарликкача бўлган жазога тортилишлари мумкинлигидан огоҳлантирамиз.
Сизлардан хотиржамликни сақлашни сўраб қоламиз ҳамда тўғри тушунишингизга ишонамиз. Коронавирус инфекциясининг профилактикаси учун қатъий тавсия қиламиз:
1. Гигиена талабларига риоя қилинг.
Қўлларни доимий равишда яхшилаб совунлаб ювинг, антисептик воситалардан фойдаланинг, ниқоб тақинг, гаджетларни дезинфекцияланг.
2. Бошқа инсонлар билан муомалани камайтиринг.
Имконият даражасида жамоат жойларига борманг. Қўл билан кўришманг, қучоқлашманг ва ҳаказо.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги