Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нархлар барқарорлиги – осойишталик омили
2020-03-17 | Иқтисодиёт
Давлат солиқ қўмитаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилаётган мониторинг ижобий натижаларни кўрсатди.
Айни кунлардаги карантин даврида нархлар барқарорлиги оммавий ваҳима ва товарлар етишмаслигининг олдини олишда муҳим воситадир. Бу айниқса, озиқ-овқат ва зарур тиббий воситаларга боғлиқ бўлса. Шу сабабли, ҳар бир туман (шаҳар) солиқ инспекциялари (ДСИ), вилоят солиқ бошқармалари (ДСБ) ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) масъул ходимларидан иборат махсус штаб ташкил этилди.
Барча йирик савдо марказлари, бозорлар, товар ишлаб чиқарувчилар, улгуржи етказиб берувчилар ва дорихоналарнинг батафсил рўйхати тузилиб, ҳар бирига давлат солиқ хизмати органларининг масъул ходимлари бириктирилди. Озиқ-овқат ва бирламчи зарур истеъмол маҳсулотлари нархларининг асоссиз оширилиши ҳолатларини ўрганиш, нархлар беқрарлигининг олдини олиш ва савдо соҳасида доимий тартибни таъминлаш – биринчи галдаги вазифа этиб белгиланди.
Коронавирус пандемияси натижасида эълон қилинган карантиннинг биринчи кунида ДСҚ раиси ва унинг ўринбосарлари, махсус штаб вакиллари жойларга чиқиб вазиятни ўрганди. Бунда Тошкентдаги барча бозорлар – Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Юнусобод ва бошқа туманлар қамраб олинди.
Ҳафтанинг биринчи куни – душанба бўлишига қарамасдан савдо марказларида ноодатий фаоллик кузатилди. ДСҚ ходимлари тадбиркорлар, харидорлар ва бозорлар ишчилари билан мулоқотда бўлди. Якшанба кунги ваҳималар билан боғлиқ нархлар берқарорлиги назоратга олинди.
Сотувчиларнинг гапларига кўра, ўсимлик ёғи, картошка, пиёз, ун ва шунга ўхшаш бошқа маҳсулотлар сотиш ҳажмлари ошган. Аксарият ҳолларда нархлар аввалгидек ўзгаришсиз қолган. Мева ва сабзовотлар нархларига бироз устамалар қўшилган.
Ўрганишлар давомида нархларни сунъий равишда оширган “уддабурон” етказиб берувчилар билан тушунтириш ишлари ҳам ўтказилди.
Кўпчилик харидорлар мулоқотда одатий ҳафталик харидларига захира учун бир неча килограмм қўшилганлигини тан олишди. Истеъмолчиларнинг бу қадар сезиларли оқимига қарамасдан кун ўртасида ҳам савдо расталари бўшаб қолмади.
Саримсоқ, халқ орасида “исириқ” деб тарқалган гармала ўсимлиги, шунингдек, шахсий гигиена маҳсулотларига бўлган талаб юқорилигича қолмоқда.
Коронавирус сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги билан боғлиқ гап сўзлар асоссиз.
Озиқ-овқат ва биринчи даражали зарур тиббиёт буюмлари нархлари билан боғлиқ мониторинг давом эттирилмоқда. Мамлакатда барқарорликни таъминлашга фақат бозор ва савдо муносабати иштирокчиларининг бирдай инсофли бўлиши орқали эришиш мумкин.
Aгар сиз зарур бўлган маҳсулотлар нархининг асоссиз кўтарилганига гувоҳ бўлсангиз ДСҚнинг (71) 244-98-98 рақамли “ишонч телефони” ёки Сall-марказининг қисқа 1198 рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси