Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қашқадарё вилоятида "Кеш тарихи ва маданияти" экспозицияси очилди
2020-03-17 | Маданият
Қашқадарё вилояти "Шаҳрисабз" давлат музей қўриқхонасининг янги "Кеш тарихи ва маданияти" мавзусида экспозицияси очилди. Экспозиция концепцияси муаллифи тарих фанлари номзоди, археолог Н.Хушвақов бўлиб, у қадимги Кеш-Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллик тарихга оид Узунқир, Сангиртепа ва Подаётоқтепа археологик ёдгорликларида олиб борилган илмий тадқиқотларга бошчилик қилган.
Музей рассоми Ш.Қурбонов бадиий безаш ишларига раҳбарлик қилган бўлса, Қашқадарё вилояти Маданият ва тарихи музейи директори, археолог Б.Мамадиев, қўриқхонанинг Қадимги давр бўлими бошлиғи Ж.Ахмедов экспозиция ҳаммуаллифи ҳисобланади. Экспозицияда академик М.Е.Массон ва Г.А.Пугаченковалар асос солган “Кеш археологик топографик экспедицияси” (КАТЭ)нинг 1963 йилда ташкил топиши, Қашқадарё вилоятида илмий тадқиқот олиб борган профессор археолог олимлар фаолияти, Кеш-Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллик тарихий тараққиёт йўли, воҳада шаклланган илк Кеш (грек манбаларида Наутака) шаҳар макети, Александр Македонский томонидан шаҳарни ишғол қилиниши ва вайрон этилиши, Зорастризм дини, ашёлари, Зардуштийлик маъбудларининг ҳайкалчалари ва уйрузғор буюмлари билан биргаликда намойиш этилмоқда.
Экспозициянинг очилишида Халқаро “Олтин мерос” фонди раиси Амирқул Карим, “Тасвирий ойина” ташкилотининг раиси Исфандиёр Латипов бошчилигидаги Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят раҳбарлари ҳамда Термиз археология музейи директори бошчилигидаги меҳмонлар иштирок этдилар.
Экспозиция доимий бўлиб, сайёҳатчилар музейнинг “Фахрий меҳмонлар” китобига илиқ фикрлар ёзиб қолдирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги