Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона вилоятида талабаларнинг ўқишга жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарлар юзасидан вазирлик баёноти
2020-03-16 | Таълим
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги олий таълим муассасаларида республикада эълон қилинган карантин ҳолатига зид равишда талабаларнинг ўқишга жалб этилаётгани ҳақида ассоссиз хабарлар тарқалмоқда.
Вазирлик ахборот хизмати мазкур масала юзасидан Фарғона давлат университети билан боғланди. Маълум бўлишича, вилоятдаги олий таълим муассасаларида талабаларнинг бир жойга тўпланишини олдини олиш мақсадида карантин вақтида ўқиш билан боғлиқ муҳим маълумотлар гуруҳ сардорлари орқали тарқатилмоқда. Бироқ карантин ҳолатида талабаларнинг дарсларга жалб этилиши бўйича ҳеч қандай топшириқ бўлмаган.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги юртимиздаги барча олий таълим муассасалари (ОТМ), академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 2020 йил 16 мартдан эътиборан ўқиш тўхтатилиб, ўқувчи-талабалар икки ҳафта муддатга (ҳозирча) таътилга чиқарилишини яна бир бор маълум қилади.
Шунингдек, аҳоли ўртасида ваҳимага сабаб бўладиган асоссиз маълумот тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтмоқчимиз.
Вазирлик бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда тегишли идоралар билан ҳамкорлик қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги