Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ҳамдўстлик - 2020” ўзбек-тожик ўқув машғулоти юқори даражада ўтказилди
2020-03-16 | Хавфсизлик соҳаси
Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси Мудофаа вазирликлари ўртасида ўзбек-тожик ҳамкорлигидаги антитеррор махсус-тактик ўқув машғулоти юқори даражада ўтказилиб, ўз ниҳоясига етди.
Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус операция кучлари вакиллари ва Тожикистон Мудофаа вазирлигининг турли бўлинмаларидан иборат бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Ўқув машғулотининг асосий кунига қадар ҳар икки давлат ҳарбийлари кунига икки мартадан тайёргарлик машқларини ўтказишди. Албатта, натижа ҳам шунга яраша бўлди. Машқ мобайнида икки томон ҳарбий хизматчилари ўртасида малака алмашинуви йўлга қўйилиб, Тожикистон Республикаси ҳарбий хизматчилари томонидан бизнинг бўлинмалар ва ҳарбий техникаларнинг амалий ҳаракатлари юқори баҳоланди.
Ҳамкорликдаги ўқув жараёнини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кузатиб борди.
Шундай қилиб, Тожикистон Республикасининг Хатлон вилоятида жойлашган “Фахробод" дала ўқув майдонида бўлиб ўтган ҳамкорликдаги антитеррор ўқув машғулоти режасига кўра, чегарани бузиб ўтган ноқонуний қуролланган тузилмалар ҳужумини қайтариш мақсадида аввал вакилларимиз томонидан ҳаво разведкаси ўтказилди, шундан сўнг аниқланган шартли душманнинг ҳаракатланаётган нуқтасига қарата авиация зарбалари берилди. Чегарага уюштирилган мазкур ҳужумни қайтаришда Тожикистон Республикасининг Ҳаво хужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Давлат миллий хавфсизлик комитети Чегара қўшинлари иштирок этди.
Шартли душман томонидан эгаллаб олинган бинони қуршаб олиш, чегарани бузиб ўтган газандаларни яксон этиш ва асирларни қутқариш амалиёти кейинги эпизодларда кўриб чиқилди. Бунда юқори қўмондонлик томонидан берилган маʼлумотга кўра, ноқонуний қуролланган террорчилар бино ичида асирларни гаровга олиб, ўз шартлари ижросини талаб этмоқда. Вакилларимиздан иборат тактик ҳаво десантчилари гуруҳи Ми-8 вертолётидан арқон ёрдамида тушиб, бинонинг юқори қисмидан кейинги 3 та ишғол қилиш гуруҳларини ўт очган ҳолда қўллаб-қувватлаб турди. Ишғол қилиш гуруҳлари бино ичидаги ноқонуний қуролланган террорчиларни йўқ қилиб, асирларни озод этди. Йигитларимизнинг аниқ ва ишончли ҳаракати жанговар топшириқни белгиланган вақтдан илгарироқ бажарилишига замин яратди.
Мудофаа қудратини менсимаган шартли душман кўрган талафоти сабаб ортга чекина бошлади. Тактик режага кўра, бунда Ватан ҳимоячилари томонидан ноқонуний қуролланган тузилмаларни таʼқиб қилиш амалиёти ўтказилади. Зеро, душманнинг тирик қолган кучлари ўзининг ғаразли нияти билан келган жойига қайтиб кетолмасин ва кун келиб бу ишини қайта такрорламасин! Мазкур эпизод ҳам ҳамкорликдаги гуруҳлар томонидан ўта муваффақиятли тарзда бажарилди.
Ўқув машғулоти давомида шунингдек, шартли аеропортда ноқонуний қуролланган тузилмани қуршаб олиш ва йўқ қилиш, самолётдаги асирларни озод этиш вазифалари ҳам бажарилди.
Ўқув якуни муносабати билан саф тортган икки давлат ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазирлари томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ҳар икки давлат мудофаа вазирлари мазкур ўқув машғулотлари мамлакатларимиз армияларининг жанговар қудратини оширишини айтиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ташриф давомида дала ўқув майдонида ҳарбий хизматчиларимиз учун яратилган шароитлар билан танишди. Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳамроҳлигида қадимий адрасларимиз ҳамда ҳунарманд ва кулоллар томонидан тайёрланган кўза ва лаганлар, қўл меҳнатида ишланган турли кўринишдаги сопол идишлар билан миллий урф-одатларимизга ҳамоҳанг тарзда яратилган “ўзбек миллий бурчаги"ни кўздан кечирди.
Шуни алоҳида таʼкидлаш жоизки, махсус-тактик ўқувда ҳарбий хизматчиларимиз иштирок этган тактик эпизодлардаги икки давлат орасида амалга оширилган ҳамкорликдаги ҳаракатлар Тожикистон Республикаси мудофаа вазири томонидан юксак даражада баҳоланди. Шу билан ўқув машғулоти ўз ниҳоясига етди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги