Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Прописка тартибини соддалаштиришга оид ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди
2020-03-16 | Жамият
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.
Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “Ягона дарча” тамойили асосида “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширишни таъминлайди.
Белгиланишича, идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар:
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 июлдан;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.
Таъкидланишича, фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойларида пропискадан ўтишлари ва (ёки) турган жойларида ҳисобда туришлари шарт.
Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, турган жойи бўйича ҳисобга олинмаганлиги ёки доимий пропискада турмаганлиги фуқарога хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланиши мумкин эмас.
Фуқаролар янги яшаш жойига келган кунидан эътиборан ўн кун ичида доимий пропискага ёки ҳисобга туриш учун ҳужжатларни ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига тақдим этишлари шарт.
Туғилган бола ФХДЁ органи томонидан унга туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий прописка манзилига идоралараро автоматлаштирилган тизим орқали маълумотларни киритиш йўли билан доимий прописка қилинади.
16 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг доимий прописка манзилига доимий прописка қилиниши ёки турган жойи бўйича ҳисобга қўйилиши шарт.
Фуқароларни доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олишни расмийлаштириш учун тегишинча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаб турган жойларига яқин бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилишлари мумкин.
Манба: ЎзА