Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновацион ривожланиш вазири Хоразм технопарки фаолияти билан танишди
2020-03-16 | Жамият
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Хоразм инновацион технопаркининг қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, шунингдек, технопаркда яратилаётган шарт-шароитлар билан танишди.
Технопарк раҳбарияти ва резидентлари билан ўтказилган учрашув давомида Хоразм инновацион технопарки фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, келгуси вазифалар ҳамда келажакда технопаркларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари муҳокама этилди ва тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, вазир технопарк резидентлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар билан танишиб, истиқболдаги режалар хусусида амалий тавсиялар берилди.
И. Абдураҳмонов технопарк резидентларининг билимларини ошириш учун курслар ва тренинглар ташкил этиш, ҳудудда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро узвийлигини таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг муаммоларидан келиб чиққан ҳолда, технопарк фаолияти доирасида шу йўналишларга алоҳида аҳамият қаратилиши, бу орқали вилоятдаги ишсиз ёшларга касб ўргатиш, янги иш ўринлар яратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Инновацион ривожланиш вазири Хоразм вилоятида ташкил этилган умумхалқ ҳашарида иштирок этиб, Хоразм инновацион технопаркини ободонлаштириш ишларида қатнашди, технопарк боғига илк кўчатлардан бирини ўтказди.
Хоразм технопарки ҳудудда рақобатбардош инновацион маҳсулотлар ҳамда хизматларни ишлаб чиқиш, талабалар ва ёш олимларга қулай шароитлар яратиш орқали илмий ҳамда илмий-техник фаолият натижаларини жадал ва кенг жорий этиш, юқори технологиялар соҳасида тадқиқотлар ўтказиш майдони бўлиши кутилмоқда. Технопаркда илмий ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга оширилади. Бу ўз навбатида ҳудуднинг инновацион салоҳиятини оширишга ижобий таъсир кўрсатади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги