Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Москва шаҳрида МДҲ Иқтисодий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
2020-03-16 | МДҲ
2020 йил 13 март куни Москва шаҳрида Ўзбекистон раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий кенгашининг 85-мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис кун тартибига МДҲ иштирокчи давлатлари иқтисодий ҳамкорлигининг турли соҳаларини қамраб олган масалалар киритилди. Мажлисни Иқтисодий кенгаш раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров олиб борди.
МДҲнинг Ашхабод саммити қарорига биноан 2020 йил 1 январдан 31 декабргача МДҲга раислик Ўзбекистонга ўтди. МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва Ўзбекистон раислигининг устувор соҳалари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 октябрда Ашхабодда бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқида баён этилган эди. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда МДҲдаги раислиги Концепцияси ва тегишли Тадбирлар режаси қабул қилинди ва амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун МДҲнинг 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодий ривожланиш стратегияси лойиҳасини киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Кенгаш аъзолари Транспорт соҳасида 2030 йилгача бўлган даврдаги устувор йўналишлар лойиҳасини маъқулладилар, шунингдек, 2020-2023 йилларга мўлжалланган Келишилган ижтимоий ва демографик сиёсат концепциясини амалга ошириш бўйича Тадбирлар режасини қабул қилдилар.
Давлат раҳбарлари кенгашининг қарори билан 2021 йил “МДҲда архитектура ва шаҳарсозлик йили" деб эълон қилинди. Шу муносабат билан 2021 йил давомида архитектура ва шаҳарсозлик форумлари ва танловлар, кўргазмалар, мавзуга оид илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларни ўтказишни ўз ичига олган ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
МДҲ Иқтисодий кенгашининг қарори билан Минск шаҳар технопаркига ва Россия Федерацияси Савдо-саноат палатасининг Инновацион тадбиркорликни ривожлантириш фондига 2020 йилгача бўлган давлатлараро инновацион ҳамкорлик дастури доирасида инновацияни тижоратлаштириш марказлари мақоми берилди.
Мажлис иштирокчилари маҳсулот ва хизматлар сифати соҳасидаги ютуқлари учун 2019 йилги МДҲ мукофоти танлови натижаларини тасдиқладилар. Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг 14 та ташкилоти лауреатлар ва диплом эгалари бўлишди. Шунингдек, ўсимликларнинг карантини соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича МДҲ иштирокчи давлатларининг базавий ташкилоти тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ҳам маъқулланди. Бундан ташқари, МДҲ Иқтисодий кенгаши аъзоларига бирлашма фаолиятининг турли жиҳатларига оид ахборот-таҳлилий ва қўлланма материаллари тақдим этилди.
МДҲ Иқтисодий кенгашининг 86-мажлисини 2020 йил 19 июнь куни Москва шаҳрида Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг (ВДНХ) миллий павилёнларидан бирида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
МДҲ Иқтисодий кенгаши мажлиси якунида делегациялар “МДҲ + Дунё” Халқаро иқтисодий форуми ва “МДҲ + Дунё 2020” Халқаро туризм конгрессида иштирок этдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги