Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири билан Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раисининг учрашуви бўлиб ўтди
2020-03-13 | Хавфсизлик соҳаси
Жорий йилнинг 12 март куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов юртимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси адлия генерали Александр Бастрикин билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш соҳасидаги Ўзбекистон-Россия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик борасида фикр алмашдилар. Жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва айбланувчи шахслар экстрадациясига оид ишларда ўзаро ҳамкорликнинг ижобий динамикаси қайд этилди.
Республика ички ишлар органлари тизими комплекс ислоҳ қилинаётгани, жумладан, ИИВ Тергов бош бошқармаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига айлантирилганлиги ҳақидаги маълумотлар россиялик ҳамкасблар эътиборига ҳавола этилди. Жиноятларни ўз вақтида фош этиш, ҳар томонлама, тўла ва холисона тергов қилиш, шунингдек жойлардаги тергов бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Тергов департаментининг асосий вазифалари сирасига кириши таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, ёшлар ва хотин-қизлар билан боғлиқ масалаларга эътиборнинг кучайтирилгани, ҳар бир шаҳар ва туман ички ишлар бўлимида хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимининг жорий этилгани қайд этилди.
Йиғилишлари доирасида терроризм, эстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш, шунингдек Ўзбекистон ва Россия ички ишлар вазирликларининг тезкор-қидирув фаолият жабҳасидаги ҳамкорлиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниб, икки томонлама мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди.
Учрашув якунларига кўра томонлар Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ходимлари учун Россия Тергов қўмитасининг олий таълим муассасалари негизида қисқа муддатли ўқув курсларининг ташкил қилиниши, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ҳамда Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Академияси ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши ҳақида келишиб олишди.
Учрашув ишчанлик руҳида, очиқ мулоқот шаклида ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги