Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент ва Омск ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
2020-03-13 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов Россия Федерацияси, Омск вилояти делегацияси вакиллари билан учрашди.
Омск вилояти Иқтисод вазирининг ўринбосари Денис Кушнер ҳокимлик вакилларига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзаро фойдали ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқиш таклифини билдирди. Вазир ўринбосари ҳозирда Ўзбекистон билан Омск вилояти ўртасида текстиль ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик алоқалари яхши ривожланганини таъкидлаб, келгусида энергетика, қурилиш, рақамлаштириш, шаҳарсозлик ва бошқа соҳаларда иқтисодий алоқалар кўламини кенгайтириш ниятини билдирди.
Шароф Раҳмонов Омск томонининг таклифи учун миннатдорлик билдириб, пойтахт ҳокимлиги ўзаро фойдали ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Учрашувда иштирок этган Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаментининг бошлиғи Санжар Таджиев пойтахтимизнинг туристик салоҳияти ҳақида маълумот берди. Бунга жавобан “Омск вилояти ривожланиш ва инвестиция агентлиги” АЖнинг бош директори Евгений Ковтун бу йўналишдаги ҳамкорлик имкониятларини атрофлича ўрганиб, биргаликда иш олиб боришга қаратилган лойиҳаларни тайёрлаш таклифини билдирди.
Учрашув якунида тарафлар икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини атрофлича ўрганиб чиқиш ва ўзаро мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги