Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Солиқ ислоҳотлари – тадбиркорлик ва ишбилармонликка кенг йўл
2020-03-13 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 12 март куни Миллий матбуот марказида Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда 2019 йилда солиқ ислоҳотларини амалга ошириш доирасида эришилган натижалар ва олдинда турган вазифалар тўғрисида маълумотлар берилди.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосан, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Бу эса тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожланишига катта туртки бўлди.
Солиқ ставкаларининг пасайиши ва айрим солиқларнинг бекор қилинишига қарамай, 2019 йилда бюджетга солиқ тушумларининг 2018 йилга нисбатан 154 фоизга ўсиши таъминланди.
Иш ҳақи фондига солинадиган солиқ юки камайтирилиши – суғурта бадали бекор қилиниши, ягона ижтимоий тўлов ставкаси туширилиши ҳисобига 2019 йил давомида 939,5 мингта иш ўрни легаллаштирилди ва даромад солиғи тушуми 2 баробарга ўсди.
Шунингдек, адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. (27.06.2019й.)
Мазкур Фармонга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Натижада 2019 йил 1 августдан бошлаб 1000 мингга яқин ягона ер солиғи тўловчилари ҚҚСни ихтиёрий тўлашга ўтди.
Анжуман давомида ДСҚ мутасаддилари “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ва олдинда турган вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Хусусан, жорий йил сўнггига қадар тадбиркорлик субъектлари тўлиқ электрон ҳисоб-фактуралар (ЭҲФ)дан фойдаланишга ўтказилади. 2022 йил 1 январдан барча турдаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятига онлайн назорат-касса машиналари (Онлайн-НКМ) ёки виртуал кассани жорий этилади.
Соғлом рақобат муҳитини яратиш ва мамлакат ҳудудига контрафакт маҳсулотларнинг кириб келишини олдини олиш мақсадида маҳсулотларни маркировкалаш тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим ҳозирча алкоголь ва тамаки масулотлари бўйича синовдан ўтказиляпти.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси