Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Green Aral Sea – Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш краудфандинг ташаббуси
2020-03-13 | Экология
2020 йил 11 март куни Wyndham Тошкент меҳмонхонасида БМТ Тараққиёт дастурининг Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш учун краудфандинг пилот платформасини яратиш бўйича Концепция лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу Концепцияни ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан Келишув лойиҳаси тайёрланган бўлиб, ушбу жараёнда БМТнинг Тараққиёт дастури ва республика вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этишди.
Тақдимот маросимидаги асосий тадбирлардан бири сифатида БМТнинг Тараққиёт дастури, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раҳбарлари томонидан Келишув ҳужжатини имзоланганлиги қайд этилди.
Келишув лойиҳаси бўйича БМТнинг тараққиёт дастури томонидан Краудфандинг платформаси бўйича тўпланган билимларни келгусида Оролбўйи халқаро инновация марказига бериш ҳам кўзда тутилган. Краудфандинг платформаси бирламчи босқичда миллий ва хорижий компаниялар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
— БМТ тараққиёт дастури кўмагида бугун “Оролбўйи — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” концепцияси устида иш олиб бормоқдамиз, — дейди инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров. — Айни пайтда Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш учун краудфандинг пилот платформасини яратиш концепсиясини биргаликда амалга оширишга қарор қилдик.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, хусусан, Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш ташаббуси учун краудфандинг орқали молиялаштириш механизмини ишга тушириш ва мувофиқлаштиришга кўмаклашади. Ушбу платформа хорижий фуқаролар ва халқаро корпорацияларнинг маблағларини жалб қилиш учун шароит яратади. БМТ тараққиёт дастурининг Краудфандинг платформаси бўйича концепцияси Ўзбекистон Республикаси президенти фармонига кўра Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан ташкил этилган “Оролдаги боғим“ (My garden in the Aral Sea) лойиҳасини амалга оширишда халқаро амалиётни ўрганишда ёрдам беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги