Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергетика вазирлиги ва «Enpetrol» бўлажак ҳамкорликни муҳокама қилди
2020-03-12 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида шу йилнинг 10 март куни «Enpetrol Enerji» халқаро компанияси раиси Эржан Энгин раҳбарлиги остидаги делегация билан музокаралар ўтказилди.
«Enpetrol Enerji» – бу халқаро инжиниринг, ишлаб чиқариш ва қурилиш компанияси бўлиб, у энергетика, нефть-газ, нефть ва нефть-кимё саноати соҳасидаги лойиҳаларга, шунингдек саноат объектлари қурилишига ихтисослашган.
Учрашув давомида вазирнинг биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамахмудов бошчилигидаги Энергетика вазирлиги вакиллари меҳмонларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, энергетика, нефть-газ ва кимё соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан таништирди. Улар орасида – халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган янги генерация қилинувчи қувватларни барпо этиш бўйича тайёргарлик босқичидаги лойиҳалар бор.
Эржан Энгин таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг энергетика тармоғини ислоҳ қилиш жараёни салоҳиятли инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Музокаралар натижаси бўйича томонлар ўртасида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини батафсил ўрганиб чиқиш учун «Enpetrol Enerji» компаниясига зарур маълумотларни тақдим этиш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги