Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Алишер Шадманов: «Биз касалликни беркитаётганимиз йўқ, уни беркитишнинг иложи ҳам йўқ»
2020-03-11 | Соғлиқни сақлаш
Коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларига қўшимча врачлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолияти самарадорлиги кучайтирилди. Ушбу пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббий муассасалари томонидан улар устидан 14 кунлик тиббий кузатув йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 15 январидан ҳозирги кунга қадар республика бўйича тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5 минг нафарга яқини кузатувдан чиқарилган, 1 542 нафар фуқароларда тиббий кузатув давом эттирилмоқда. Коронавирус қайд этилган Хитой ва бошқа давлатлардан келган фуқаролардан эпидемик ва клиник кўрсатмага асосан 1760 нафаридан лаборатория таҳлили учун олинган биологик намуналарда коронавирус аниқланмади.
Агар касаллик қайд этиладиган бўлса, дори воситаларининг заҳираси, шунингдек профилактика бўйича имкониятларимиз етарли. Тарғибот ишларини кучайтиришимиз, зарур ҳаққоний маълумотларни вақтида етказиб туришимиз зарур.
Энг муҳими, ҳар бир фуқаро нотўғри, ваҳимали маълумотларга ишонмаслиги, ўз эҳтиёт чораларини кўриши зарур. Бу касалликни биз беркитаётганимиз йўқ, уни беркитишнинг иложи ҳам йўқ. Зарурат бўлмаса, хорижга чиқмайлик, чеклайлик. Сиз соғлом бўлганингиз билан ёнингиздагилар ўз касалликларидан бехабар ҳолда юқтириб қўйиши мумкин.
Барча чеклов чораларини ошкор эълон қиляпмиз ва буни тўғри тушунишни сўрар эдик. Фуқароларимиз барча эҳтиёт чораларини кўрсалар, ишонаманки биз бу жангда ғолиб чиқамиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги