Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро экспертлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди
2020-03-11 | Соғлиқни сақлаш
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19)нинг профилактикаси ва унинг кириб келишининг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти, тегишли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов дунёда коронавируснинг эпидемик ҳолати ва COVID-19нинг мамлакатимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берди.
Хусусан, мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 29 январь куни “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилиниб, тизимли чоралар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир раҳбарлигида “Эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияси”нинг йиғилишларида ҳам бу борада кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Мамлакатимиздаги барча ҳаво ва темир йўлларида ташкил қилинган санитария-карантин пунктлари, ҳудудларда тузилган штаблар фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, меҳмонхоналар ва корхоналар, маҳалла, ички ишлар органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларга давлат томонидан қўйилаётган талаб, тавсияларни ўз вақтида етказиш, тиббий-патронаж хизматини янада яхшилаш, мактабгача таълим, ўрта мактаб, олий ўқув юртлари ва жамоат жойларида санитария талабларига қатъий риоя қилиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ўз навбатида, профилактика ва назорат чораларини кучайтириш мақсадида мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта-махсус таълими каби каби қатор вазирлик ва идоралари билан қўшма қарорлар қабул қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, айни пайтда мамлакатимизга юқумли касалликлар, жумладан, COVID-19 инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида санитария-карантин пунктлари халқаро талаб ва мезонлар асосида фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу пунктларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган.
Анжуманда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш ва эпидемиология соҳасида халқаро эсперт, Америка Микробиология жамияти аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов дунёдаги эпидемик вазият бўйича долазрб саволларга жавоб берди. У 40 йилдан зиёд умрини дунёнинг турли минтақаларида – Марказий Осиёда кам учрайдиган гепатит турларидан тортиб, Кения ва Малида турли юқумли касалликларни ўрганиш ва олдини олишга бағишлаган.
Айни пайтда Михаил Фаворов коронавирус инфекцияси бўйича дунё ва Ўзбекистондаги ҳолатни ўрганмоқда. Шу кунларда у мустақил халқаро эксперт сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги бош штаб мутахассислари билан биргаликда мамлакатимизга коронавируснинг кириб келиш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ушбу соҳада ихтисослашган тиббиёт муассасаларидаги тиббиёт ходимларига маслаҳатлар бермоқда.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, халқаро талаб ва тавсияларга мувофиқ, коронавирус инфекцияси бўйича аҳолининг эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш бўйича профилактика ва ушбу инфекцияни кириб келишига қарши назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги