Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир форум
2020-03-11 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия Ички ишлар вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан бирга “Хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш – мамлакат тараққиётининг муҳим омили“ мавзусида халқаро форум ўтказди.
Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги ваколатхонаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва бошқа бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу форумга меҳнат жамоалари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш бўйича масъул ходимлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари А.Икрамов, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси доимий вакили ўринбосари Д.Мунтяну, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Ф.Эшматова, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Г.Маърупова ва бошқалар хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш долзарб масала эканини таъкидлади.
Кейинги пайтда мамлакатимизда аёлларни қонуний жиҳатдан янада кучлироқ ҳимоялаш билан боғлиқ бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида“ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги қонунлари кучга киргани бу борадаги тарихий қадам бўлди.
Эндиликда жабрланувчи аёл ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилгани ёки таҳдид қилингани тўғрисида ариза билан тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, улар махсус марказларда, “Ишонч телефони“ орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олади. Ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат этишга ҳам ҳақлидирлар. Нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида зўравонликка мойил шахснинг хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга оид чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади. Бундай шахслар зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.
Қонуннинг асосий жиҳатларидан бири шундаки, унга “ҳимоя ордери“ тушунчаси киритилган ва унинг берилиши тартиби ҳам белгиланган.
– Аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билса, уларнинг ҳуқуқий маданияти юқори бўлса, тўғри йўлдан сира адашмайди, – деди Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Умида Абдуллаева. – Айни пайтда мазкур йўналишда хотин-қизлар иштирокида доимий мулоқотлар, учрашувлар ташкил этилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ҳимоя ордерининг юзага келиши аёлларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан асрашда ўзига хос амалий механизмдир.
– Бугунги кунда уйма-уй юриб, ёшлар, аёллар, қизлар билан учрашиб, мавжуд муаммоларни мукаммал ўрганиш, зарурий амалий чораларга эътиборни кучайтиришга жиддий киришилган, – деди Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Далагузар“ маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Ҳолида Охунова. – Қизлар, келинларни касбга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунда уй меҳнатини йўлга қўйиш, аёл ва қизларни пазандалик, чеварчилик цехларига жалб этишга катта аҳамият қаратилмоқда.
Анжуманда аёлларни самарали ҳимоя қилишнинг янги механизмлари, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда ички ишлар органларининг иштироки, ёш хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила-турмуш доирасидаги муаммоларни ҳал этишда давлат ва жамоат органларининг ҳамкорлигига оид масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Гендер тенглиги, опа-сингилларимиз манфаатларини ҳимоялаш, уларни асрашга доир самимий, таъсирчан ва долзарб видео роликлар намойиш этилди. Қизларимизга ибрат бўлган аёллар тақдирланди. Ватан, она, мунис аёлларни улуғловчи мусиқий дастур форум иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА