Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Карим Камолов Малайзиялик сармоядорларни қабул қилди

2020-03-10 | Иқтисодиёт

“Малайзия - Ўзбекистон” савдо палатаси бош котиби Дурей Раджишваран бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси 9 март куни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов қабулида бўлдилар. Меҳмонлар мамлакатимиз билан Малайзия давлати ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан бир нечта ташаббусларини илгари сурдилар.

-Бутун Ислом мамлакатларининг Бухорои шарифга бўлган ҳурмат-эҳтиромини яхши билганимиз ҳолда биз ҳам шу юртга инвестиция киритиб, унинг ривожланишига ҳисса қўшишга қарор қилдик,-деди жаноб Дурей Раджишваран вилоят ҳокимига самимий қабул учун миннатдорлигини изҳор этаркан. -Ҳудудда туризмни янада равнақ топтиришга қаратилган лойиҳаларимиздан бирини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига ҳам тақдим этиб, Бухоро халқаро аэропортидан алоҳида ер майдони сўраганмиз. Бунда кичик габаритли самолётлар хизматини йўлга қўйган ҳолда маҳаллий озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни чет элга экспорт қилишда иштирок этиш, логистик фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадимиз.  

“Малайзия-Ўзбекистон” савдо палатаси бош котиби бу лойиҳада кичик габаритли, 12 ўринга эга, 5 соатгача тўхтовсиз учадиган замонавий самолётлар хизматини йўлга қўйиш, улардан тиббий хизмат соҳасида ҳам фойдаланиш баробарида логистик марказда “Boing-727” русумли юк самолёти хизматини ҳам ташкил этмоқчи. Бундан ташқари, малайзиялик сармоядорлар Бухорода Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилаётган кичик габаритли самолётлар учувчиларини тайёрлаш мактабини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ғоясини ҳам илгари сурдилар. Ўзига хос инфратузилмага эга бўладиган бу марказ 2 та замонавий самолётга эга бўлади ва талабга мувофиқ бошқа давлатлардан ёш малакали учувчиларни тайёрлаб беришга, мунтазам ўқув-амалий машғулотларини ўтказишга ихтисослаштирилади.

Шунингдек, хорижий инвесторларнинг яна бир лойиҳаси маиший чиқиндилардан экологик тоза ва хавфсиз кўмир брикети, йўл қурилиши учун битум маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Бу борадаги таклифлари билан ўртоқлашган делегация аъзоси Аиша Чандран хоним корхонани қуриб, ишга тушириш қўшимча иш ўринларини яратиш, аҳолига қулайлик яратиш билан бирга ҳудудни ободонлаштиришда ҳам алоҳида ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Делегация томонидан Ўзбекистон ва Малайзия давлатлари ўртасида амалга оширилаётган таълим соҳасидаги ҳамкорлик натижаси ўлароқ, Бухорода хориждан келиб ўқийдиган, илмий-амалий тажриба алмашадиган талабалар учун ётоқхона мажмуасини барпо этиш лойиҳаси ҳам тақдим қилинди. Унда талабалар учун ётоқхона, уларнинг ота-оналари ёки яқинлари учун меҳмонхона мажмуаси, алоҳида инфратузилма бўлади. Инвесторлар ўз лойиҳаларини видеослайд кўринишида ҳам батафсил тушунтириб бердилар.

Ўз ўрнида вилоят ҳокими Карим Камолов туристик ва иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат тажрибасини ўзлаштириш биз учун ҳам фойдадан холи эмаслигини, албатта, ҳар бир лойиҳа атрофлича ўрганилишини, хорижий сармоядорларга етарли шарт-шароит ҳозирланишини билдирди.

Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Поделиться