Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоқлар Наврўз байрамини қандай нишонлайди?
2020-03-09 | Маданият
Ўтган йили илк маротаба Мўйноқ туманида ўтказилган «NavrUz» этнофестивали жорий йил 22 март куни шаҳар марказида ўтказиладиган бўлди. Этнофестивалда ҳунармандлар кўргазмаси, миллий қўшиқлар ва рақслар, ошпазлар мусобақаси, кураш ва миллий спорт ўйинлари, бахши ҳамда жировларнинг чиқиши, кўргазмали ўтов қурилиши ва бошқа қизиқарли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, жорий йилда ҳам Наврўз байрамида қорақалпоқ халқининг азалий миллий урф-одат, дастурлари кенгроқ намойиш қилинади.
Баҳорги тенгкунлик куни – Наврўз байрами Қорақалпоғистон заминида зардуштийлик даврларидан буён энг асосий байрамлардан бири сифатида нишонланиб келинган. Қадимдан қорақалпоқлар Нарўзни Йил боши деб ҳисоблаб, уни кўтаринки руҳда ўтказган. Шу кунда сумалак, наврўз гўжа, бoғирсоқ, қарма, жўхори гуртик, қурт, мой сўк, тоқон, ийжан, жарма ва бошқа шу каби миллий таомлар мўл этиб тайёрланган.
Мустақиллик йилларида қорақалпоқ миллий урф-одатларининг тикланиши билан Наврўзни нишонлаш ҳам ҳар йилги катта байрамга айланди. Байрамда миллий урф-одатларнинг барча қадимги қисмлари сақланган холда ўтказилиб келинмоқда. Саҳналаштирилган байрам маросимларида одамларнинг ҳаётида янги даврнинг бошланишини англатадиган диний удумлар ёрқин акс эттирилади. Жарчилар, одатда ёш болалар, югуриб юриб Наврўзнинг келганини хабар қилади. Оқ чопон кийган кекса қари – Деҳқон бобо буғдой уруғини сочади. Қора уйлар қурилади, уларда ёши улуғ кишилар ва йигит-қизлар алоҳида ўтиради. Сумалак ва бошқа таомлар тайёрлаш маросими намойиш қилинади.
Одатда, таомларни биргаликда тайёрлаб ва уларни танаввул қилиб бўлгандан сўнг ёш қизлар катта келин ойиси – “қиз янгаси” билан сайилга чиқади. Сайил давомида одатда катта оға – “йигит оғаси”нинг бошчилигидаги йигитлар гуруҳини учратади. Улар ўртасида гапга чечанлик мусобақаси – “айтиш” бошланади. “Айтиш” давомида йигит ўзига маъқул келган кинояли, гапга усталик қилиб қизга ўз туйғуларини билдиради. Бунда “қиз янгаси” ва “йигит оғаси” ёрдамидан ҳам фойдаланилади. Агар қиз гапга устароқ бўлиб чиқиб йигитнинг гапларини қайтара олса, бу қиз ушбу йигитга рад жавобини берганлигини англатади. Бундай холатда олдинга қизнинг қўлига бошқа даъвогар чиқади. Ютқазган қиз кўп холларда йигитнинг қўлини қабул қилишга мажбур бўлади. Ушбу “айтишларда” кўп ақлли қизлар ўзларининг ёқтирган йигитларига била туриб ютқазган бўлиши истисно эмас.
Сайиллар уйланмаган йигитлар ва турмушга чиқмаган қизларнинг арғимчоқларда учиши, гулхандан сакраши билан давом этади. Бу сайр-томошалар қадимга бориб тақалади. Улар азоб-уқубатларни тарқатади ва ҳаётдаги янги ташаббусларга чорлайди, ёмон кўзлардан асрайди. Қадимда қорақалпоқларнинг сайиллари бир ҳафта давомида давом этган.
Наврўз байрами нишонланган куни ҳалқ барча моддий ва руҳий мавжуд бўлган нарсаларини чиқаради. Агар байрам томошаларига диққат билан қарасангиз саҳнадагилар бизнинг халқ нақадар сахий бўлганлигини кўрсатишга ҳаракат қилади. Тўкин дастурхон, қурбон қилинган мол, аёл ва эркакларнинг устидаги нақшли либослар, моддий ва бошқа санъат асбобларининг хилма-хиллиги бизнинг халқ ушбу санага қандай муҳим эътибор берганлигини англатади. Катталар ҳам, ёшлар ҳам қўлидан келгунича ўйнайди. Катталар жиров ва бахшиларни тинглаб завқ олса, ёшлар ҳар хил мусобақаларни, масалан, улоқ ёки кўкпар (отлар устида ўйналадиган ҳавфли ўйин), кураш, пойга, қўчқорлар уруши, хўрозлар уруши, қочармонларни ташкил қилади. Ёш болалар ҳам четда қолмайди. Уларнинг ошиқ, бектош, шуллик каби ўйинлари жуда қизиқарли ўтади.
Қорақалпоқ ёшлари қадимдан сайил кунларида гештек ўтказиб келган. Гештекларга йигит оғанинг бошчилигидаги бир қишлоқнинг йигитлари қиз янгаси бошчилигидаги бошқа қишлоқнинг қизларини таклиф қилиши мумкин бўлган. Таклифни қабул қилган қизлар шу пайтлардаги энг яхши либослари билан “тулимшоқ” (бошдаги безак) ва “саккиз тугма” (кўкрак безаклари)ларини тақиб аравада йигитлар қишлоғига йўлга чиққан.
Йигитлар эса қизларни яхши кутиб олиш учун ўтовларни безаган, қўй ёки ҳўкиз сўйган, ширинликлар олган. Қизларни дутор ва ғижжак билан ашула айтиб кутиб олган.
Қора уйларда йигит ва қизлар бир бирларига қарама-қарши томонда ўтирган. Одатда йигит кейинги ҳаракатларини амалга ошириши учун ўзининг ёқтирган қизининг рўпарасида ўтиришга ҳаракат қилган. Улар эса қуйидагилардан иборат бўлган.
Йигит ўзи чой қуйиб кафтида рўпарасида ўтирган ва ёқтирган қизига узатиши мумкин бўлган. Агар қиз айтишдагидек, бу йигитни ёқтирмаса, у чойни олмаслиги ҳам мумкин. Агар қиз пиёлани олиб, лекин ўзи чойни ичмай уни бошқа қизларга қуйиб берса, бу ҳам у қизнинг йигитни ёқтирмаганлигини англатган. Бундай ҳолларда ўзига жалб қиладиган ҳаракатларни ишлатган. Масалан, йигит тўлиб турган бир чойнак чойни, унга пул ёки қандай бир ширинлик боғлаб берган. Бунинг ҳаммаси албатта ҳазил, шеър, ашула ва бошқа романтик воситалар билан кузатилган. Қизни қиз янгаси орқали ҳам ўзига қаратмоқ мумкин, бунинг учун қиз янгасига совға бериши керак. Худди шу тарзда қизлар ҳам чой қуйиб ва уни йигитга узатиб ўзига йигит танлаш ҳуқуқига эга бўлган. Агар йигит чойдан ичиб пиёланинг ичига новвот солиб қайтариб берса, яқинда тўй деяверинг.
Зиёфатларда, шунингдек йигит ва қизларнинг ақли ва сўзамоллиги синалади. Ҳаётда жавобини топиш мумкин бўлмаган топишмоқлар, турмушдан олинган ўткир саволлар берилади, тез айтишлар айтилади. Кейин йигитлар дутор чалади ва ашула ижро этади. Қизлар оғиз билан чалинадиган мусиқий асбоб – чинқўбизда наво куйлаган.
Бундай чиройли урф-одатлар қорақалпоқ халқи маданиятининг ўзига хослигидан далолат. Уларнинг ҳозирги кунгача сақланиши – аждодлар меросига садоқат белгиси. Ёрқин ва анъанавий урф-одатларга, маросимларга, ривоят ва ўйинларга бой ҳамда қайта тикланган ва янги таъсирлар билан бойитилган Наврўз байрами қорақалпоқ халқининг бой ҳаётий тажрибаси намойиши бўлиб бормоқда.