Ўзсаноатқурилишбанк кичик ва ўрта бизнес субъектларининг лойиҳаларини молиялаштиришни янада кенгайтиради
Ўзсаноатқурилишбанк “ICBC Standard Bank PLC” билан 100 миллион доллар эквивалентида кредит линиясини жалб қилиш учун заём битимини имзолади.
Битим Ўзсаноатқурилишбанкнинг кичик ва ўрта бизнес субъектларининг лойиҳаларини миллий валютада молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтириш имконини беради.
Банк ахборот хизматидан маълум қилишларича, “ICBC Standard Bank PLC” кредит линияси тадбиркорлик субъектларига қисқа муддатларда замонавий асбоб-ускуналарни харид қилган ҳолда, ишлаб чиқаришга оид технологик ускуналарини янгилаб, хомашё базасини тўлдиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатларда ўсиб бормоқда, – дейди “ICBC Standard Bank PLC”нинг Россия ва Марказий Осиёдаги глобал бозорлар департаменти раҳбари Владимир Губер. – Мамлакат молиявий бозорини ривожлантиришда биз ҳам фаол иштирок этмоқдамиз. Ўзсаноатқурилишбанк билан ҳамкорлигимиздан мамнунмиз. Мазкур муносабатлар янги молиявий маҳсулотлар яратиш борасида давом этажак.
Таъкидлаш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк халқаро молия механизмларини интеграция қилиш орқали миллий валютада, шу жумладан, “ICBC Standard Bank PLC” жалб қилган кредит линияларининг маҳаллий бозор, айниқса, катта имконият ва афзалликлари мавжуд бўлган кичик ва ўрта бизнес сегментидаги позициясини мустаҳкамлайди.
Қайд этиш керакки, ICBC Хитой банк гуруҳига кирувчи “ICBC Standard Bank PLC” Шанхай ва Гонгконг фонд биржаларида листинги мавжуд бўлган дунёдаги энг йирик молиявий гуруҳлардан бири ҳисобланади. Дунёнинг 48 мамлакатида фаолият юритадиган ICBC 7 миллиондан зиёд корпоратив мижозларга ҳамда турли сотув каналлари орқали 600 миллиондан ортиқ хусусий мижозларга молиявий маҳсулот ва хизматлар тақдим этади.
Манба: ЎзА