Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
IT-парк — ёшларга қаратилган йирик лойиҳа
2020-03-06 | Технологиялар
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт" дея алоҳида таъкидлади. Бу бежиз эмас. Чунки, бу юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда ахборот технологиялари барча соҳаларга чуқур кириб бормоқда.
Албатта, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсини талаб этади. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам уларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, балки бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш мумкин.Бу соҳани ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки барпо этилди. Давлатимиз раҳбари ўтган йил 2019 йил 20 ноябрь куни ушбу паркка ташриф буюриб, бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди. Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида IT-Парк нинг янги босқичи қурилишига тамал тоши қўйди.
Ҳозирги пайтда паркда ахборот технологиялари соҳаси бўйича 350 та маҳаллий резидент-корхона фаолият юритиб, 4 мингта мутахассис ишламоқда. Хорижий ҳамкорлар билан биргаликда “1 миллион дастурчи" лойиҳасини амалга ошириш бошланди. 2020-2024 йилларда 14 та ҳудудда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг филиалини ташкил этиб, резидентлар сонини 3 баробарга ошириш ва ходимлар сонини 40 мингтага етказиш режалаштирилган. Бунинг натижасида компютер ва дастурлаш хизматлари ҳажми ҳам, экспорти ҳам анча ошади.
Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган “IT-Парк" ҳозирданоқ ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади. Бундай “IT-Парк"лар биринчи навбатда Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ташкил этилади.
Президентимиз жорий йил 13 февраль куни ахборот технологияларини ривожлантириш, бунинг учун замонавий инфратузилма яратиш масаласи бўйича ўтказган йиғилишда IT-академия, IT-лаборатория, Коворкинг маркази, Мобиль иловалар ишлаб чиқиш маркази, Масофавий ахборот технологиялари марказини барпо этиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берди.
Давлат буюртмаси асосида соҳа ва тармоқлар учун зарур замонавий дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш механизмини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Жаҳондаги тенденциялар билан ҳамқадам бўлиб, янги ишланмаларни ҳаётга фаол жорий этиш, етакчи технопарклар билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Қисқа фурсатларда Сирдарё вилоятининг Гулистонда шаҳрида IT-Паркнинг биринчи филиали очилади. Наманган вилоятида ҳам IT-Парк филиали қурилиши билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Президентимиз ўтган йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга ташрифи давомида мактаб ҳудудида IT-паркнинг бўлинмасини ташкил этиш тўғрисида топшириқ берган эди. Бугунги кунда IT-парк филиал биносининг консепцияси ишлаб чиқилди. Филиал биноси қурилиш ости майдони 665 кв.м.га тенг бўлиб, 16 қаватдан иборат ва умумий майдони 11,3 минг кв.м.га тенг бино қурилиши бўйича тармоқ жадвали ишлаб чиқилди. Филиал биноси 600 та иш ўринга мўлжалланган бўлиб, 50 дан ортиқ янги IT-парк резидент-корхоналарни жойлаштириш учун мўлжалланган.
Мазкур IT-парк филиалида резидент-корхоналарга ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур инфратузилма, шу жумладан, замонавий лабораториялар, коворкинг марказ ҳамда офис майдонлари тақдим этилиб, уларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатилади. Унинг асосий вазифаларидан яна бири - резидентлар ва ихтисослашган мактаб ўқувчилари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини йўлга қўйишдан иборат бўлиб, резидент-корхоналар билан биргаликда ахборот технологиялари йўналишида ҳамда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича турли лойиҳалар ва стартаплар амалга оширилади. Шу билан бирга бундай корхоналар мактаб ўқувчилари учун турли хил амалий машғулотлар, лаборатория дарсларини ўтказиш орқали уларни ахборот технологиялари соҳасидаги бизнес жараёнларини ўрганишга ёрдам беради.Бу эса ўз навбатида ўқувчиларнинг мактабни битиргандан сўнг ахборот технологиялари соҳасида тайёр кадр бўлиб шаклланишига имконият яратади, айни кезда ўз фаолиятларини IT-паркда давом эттириши мумкин бўлади.
Ҳозирги кунда жаҳон бозорида талаб катта бўлган SAMSUNG ёки APPLE компаниясининг сўнгги моделдаги мобил телефонларини ўртача 1000 АҚШ долларига харид қилиш мумкин. Бу нарх қаердан келиб чиққан ва нимани ҳисобига шундай, деб ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ушбу қурилмаларнинг таннархи (конструкцияси назарда тутилмоқда) нари борса, 50 АҚШ доллари ҳам турмайди.Аслида асосий нарх, бу қурилмаларга жойлаштирилган мобил иловаларга боғлиқ. Яъни, SAMSUNG ёки APPLE компанияси ўз қурилмаси учун мобил иловалар дастурларини сотиб олади. Шуни ҳисобига мобил қурилма нархи ошади, рақобатбардош бўлади. Мобил телефон аппаратларидан энг кўп фойдани мобил қурилмалар яратиш билан шуғулланувчи кичик-кичик фирма ёки шахслар қўлга киритади. Демак, ҳамма гап дастурлар яратишда. IT-Парк юртимиз ёшларига ана шундай имкониятлар яратиб беришга қаратилган йирик лойиҳадир.
IT-Парк резидентлари 2028 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар, шунингдек, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилинган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги