Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ҳозир мазкур қарор асосида янги вертикал тизим жорий қилинган бўлиб, ушбу соҳани мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган этиб Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги белгиланган. Ташқи беғараз кўмакларни жалб қилиш масаласи бўйича мувофиқлаштириш кенгаши ташкил этилган.
Бундан ташқари, донорлар билан доимий мулоқот платформаси, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш, ҳаракат географиясини кенгайтириш ва лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги манбаларини излаш бўйича тизимли ишлар режаси тузилди.
Электрон “Ташқи ёрдам маълумотларини бошқариш тизими“ ишга туширилган бўлиб, алоқадор вазирлик ва идоралар билан бирга якунланган, амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган грант лойиҳалари бўйича инвентаризация жараёни амалга оширилмоқда.
Ташқи беғараз кўмакни жалб қилиш масаласи бўйича мувофиқлаштириш кенгашининг мажлислари ўтказилди, улар якуни бўйича вазирлик ва идораларнинг 70 дан ортиқ ходими грант маблағларини жалб қилиш ва ўзлаштириш ишларига бириктирилди.
Шу билан бирга, қиймати 400 миллион долларга тенг қуйидаги истиқболли лойиҳалар тасдиқланган. Жумладан, лойиҳалар бўйича JICA, KOICA, FAO, GIZ, KfW, TIKА каби донорлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Тадбирда лойиҳа ташаббусларини тайёрлашга қаратилган амалий чоралар ва сифатли ёндашувлар, грант маблағларини жалб қилиш ва ўзлаштиришни ташкил этиш, уларни амалга ошириш натижалари бўйича эришилган моддий ва номоддий натижаларни келажакда сақлаш ва қўллаш тизимларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда вазирлик ва идоралар билан биргаликда яқин келажакда амалга оширилиши мўлжалланган умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик 193 та лойиҳа ташаббуси тақдим этилган бўлиб, улар бўйича “Йўл харитаси“ ишлаб чиқилгани таъкидланди.
С.РАҲИМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА