Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бир миллиард сўм грант маблағи ажратилади
2020-03-06 | Инновация
“Ёшлар пресс-клуби”да ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап-лойиҳаларига кўмаклашиш “Стартап-ташаббуслари” дастури 4-даврининг якуний тақдимотлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси А.Саъдуллаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Б.Умурзоқов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиллари М.Димовска, Х.Фрейзер, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари О.Тўйчиев, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, турли вазирлик ва идоралар ҳамда ОТМ вакиллари иштирок этган тадбир БМТ Тараққиёт дастури, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Россия Федерацияси ҳукумати томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
Мазкур дастурни ташкил этиш ва уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап-лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, инновацион тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришдан иборатдир.
Барча ҳудудлардан 1 минг 520 ёш мазкур дастурнинг 4-даврида қатнашиш истагини билдирган. 179 нафарининг аризаси саралаб олинган. Улардан 27 нафари дастурнинг финал қисмига етиб келишга муваффақ бўлди. Якуний тадбир натижаларига кўра, 5 та энг яхши истиқболли лойиҳа жамоаларига 50 миллион сўм миқдорида грант маблағи ажратилди.
Ғолиб бўлган жамоалар орасида “2work” лойиҳаси – шошилинч вазифаларни ва ҳар қандай ишни бажариш учун ишончли одамларни тезда қидириб топиш имкониятини яратадиган платформа ҳам бор.
Шунингдек, “Mammo cancer” – сунъий интеллект ёрдамида кўкрак бези саратонини аниқлаш тизими, “StomaCRM” – стоматологик клиникаларни онлайн бошқариш тизими, “Med ID” – барча турдаги клиникалар ва индивидуал амалиёт учун CRM тизими ғолиб жамоалар сафидан жой олган. Бундан ташқари, “Vegan.uz” – парҳезни яхшилашни истаганлар, вазн йўқотадиганлар, парҳез чекловларига эга бўлганлар, шунингдек, соғлом турмуш тарзини олиб борадиган махсус таомлар ва ширинликлар тайёрлаш ва етказиб бериш лойиҳаси ғолиб деб топилди.
Тақдимот давомида барча стартап-лойиҳаларнинг кўргазмаси ташкиллаштирилди. Лойиҳаларнинг тафсилоти жамланган ва тақдимотлари QR код орқали боғланган махсус брошюра чоп этилиб, манфаатдор ташкилот ва истиқболдаги сармоячиларга тарқатилди.
А.Саъдуллаевнинг таъкидлашича, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан 2020 йилда ушбу дастурни янада оммалаштириш ҳамда стартап-лойиҳаларни ҳаётга кенг жалб этишга кўмаклашиш мақсадида 1 миллиард сўм миқдорида мақсадли грант маблағи ажратилиши режалаштирилди.
Х.ҚОДИРОВ, О.МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА