Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлар Маҳкамасида коронавируснинг туризм соҳаси ривожига таъсири муҳокама этилди
2020-03-06 | Туризм
4 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси аъзолари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ва туризм соҳаси субъектлари иштирокида Covid-19 – коронавируснинг Ўзбекистон туризм соҳаси ривожига таъсирини ўрганиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоселектор тарзида ташкил этилган тадбирда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ва ушбу ҳудудлардаги соҳа тадбиркорлари, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси, Отельерлар ассоциацияси, Ошпазлар, Рестораторлар уюшмалари раҳбарлари ва аъзолари қатнашди.
Ҳукумат аъзолари томонидан коронавирус тарқалишининг Ўзбекистонга кириб келиши олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида тадбиркорларга батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, бугунги кунда туризм соҳаси субъектлари фаолиятида қайд этилаётган зарарлар, жумладан сайёҳлик гуруҳларини жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар муҳокамага қўйилди. Давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасида ушбу муаммоларни оператив ҳал қилиш ҳамда ушбу йўналишда қўшимча имкониятларни излаш, долзарб муаммоларга тезкор ечим топишга доир муҳокамалар олиб борилди.
Тадбир доирасида хусусий сектор вакиллари ушбу масала юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Туроператорлар дунёда коронавируснинг таъсири остида йўқотишли келиши кутилаётган мавсум учун солиқ таътилини эълон қилиш ҳамда авиа ва темир йўл транспорти чипталари бекор қилинганлиги учун жарималарни бекор қилишга оид таклифларини баён қилишди.
Бундан ташқари, туроператорлар вақтинча бекор қилинган йўналишлар туфайли бўш турган самолётларни коронавирусдан ҳоли бўлган Туркия, Қозоғистон каби давлатларга ҳамда ички авиақатновларга йўналтиришни таклиф қилишди. Бунда улар ушбу парвозларни Тошкент шаҳри билан бирга Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортлари орқали ҳам амалга ошириш ҳамда Урганч ва Бухоро шаҳарларини кунлик авиақатновлар билан боғлаш имкониятларини кўриб чиқишни сўрашди.
Муҳокамалар якунига кўра, мутасадди ташкилотлар томонидан коронавируснинг туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, уларнинг Ҳукуматга киритилиши белгиланди. Бунда айни дамда мураккаб вазиятга тушган тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш, ташқи таъсир омилини пасайтириш мақсадида ички туризмни ривожлантириш учун қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, коронавирус қайд этилмаган давлатлардан сайёҳларни жалб қилишга оид қўшимча чора-тадбирларни кўриш, республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тадбиркорларга молиявий кўмак бериш имкониятларини ўрганиш, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш кўзда тутилади.
Ташқи ишлар вазирлигига муайян давлатларда мамлакатга сайёҳларни жалб қилиш чораларини соҳа вакиллари билан бирга кучайтириш лозимлиги таъкидланди, маҳаллий ОАВга Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан бирга ички туризмга доир тарғиботни янада кенгайтириш тавсия этилди. Тадбир сўнгида коронавируснинг соҳага таъсирини пасайтириш юзасидан тезкор чора тадбирлар режаси қабул қилинишига келишиб олинди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда қатор хорижий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон энг хавфсиз, шунингдек коронавирусдан холи мамлакатлар қаторида қайд этилмоқда. Бу эса нафақат ташқи, балки ички туризмни янада ривожлантириш учун муҳим омил сифатида хизмат қилади. Ички туризмни ривожлантириш эса нафақат бир ташкилот ё туризм субъектлари, балки Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсонга боғлиқдир.
Мана шундай дамда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, мамлакат иқтисодиётининг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланган туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшсак, янги иш ўринларининг яратилиши ва шу орқали ушбу юртда яшовчи кишиларнинг турмуш тарзи яхшиланиши каби эзгу амалларга ҳисса қўшган бўламиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги