Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гаага шаҳрида Ўзбекистон ва Нидерландия ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий базаси масалалари муҳокама қилинди
2020-03-05 | Сиёсат
2020 йилнинг 4 март куни Гаага шаҳрида Ўзбекистон - Нидерландия муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий базаси бўйича Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Нидерландия Қироллиги Ташқи ишлар вазирлиги Шартномалар бошқармаси бошлиғи Жюль Ван Эйндховен ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ департаменти директори Мирвоҳид Азимов бошчилигидаги делегациялар турли соҳалардаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асоси ҳолатини ва уни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Икки мамлакат ўртасида имзоланган битимларнинг ҳуқуқий ҳолатига аниқлик киритилди. Инвестицияларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиққа тортишдан қочиш, божхона ишларида, автомобилларда ташувлар, авиақатновларда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимлар каби базавий ҳужжатларнинг амалда эканлиги қайд этилди.
Маслаҳатлашувлар чоғида Ўзбекистон делегацияси Нидерландия томонининг шартномалар электрон базасини яратиш ва уни бошқариш, депозитарий вазифасини бажариш борасидаги тажрибаси ҳамда битимларнинг лойиҳаларини идоралараро келишиш ва уларни кейинчалик амалга ошириш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ишлари билан таништирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Нидерландия Ташқи ишлар вазирлигининг депозитар хонасига ташриф буюришди. У ерда қироллик шартномалари ва келишувларидан ташқари, Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг барча конвенциялари ҳам сақланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги