Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сувчи ёшлар 13,3 млрд. сўмлик лойиҳаларни амалга оширади
2020-03-05 | Иқтисодиёт
Сувчи ёшлар ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан жорий йилда умумий қиймати 13,3 млрд. сўмлик 193 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида Фарғона вилоятида ғишт ишлаб чиқариш, Жиззах вилоятида тикувчилик цехи, Навоий вилоятида ёшлар боғи ташкил этилди. Шу кунга қадар 230 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Йил охиригача тизимда яратилган янги иш ўринлари сонини 2500 тага етказиш мўлжалланган.
2020 йил 4 март куни Сув хўжалиги вазирлигида ёшлар билан аудиоселектор орқали ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқотда ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Унда Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари А.Мирзаев, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг ўринбосари Б.Очилов ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Бугунги кунда вазирликда фаолият кўрсатаётган ёшлар иштирокида қатор тадбирлар амалга оширилаяпти. Жумладан, ҳафтанинг дам олиш кунлари маънавий-маърифий кечалар ҳамда театр, музей, маданий муассасаларга саёҳатлар уюштирилмоқда, тизим ташкилотлари жамоалари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этиляпти.
Мулоқот чоғида вазирлик тизимида меҳнат қилаётган ёшларнинг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш, жумладан, ёшлар ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги фан ва техника ютуқларини, замонавий ресурслар ва сув тежовчи технологияларни, илғор маҳаллий ва хорижий тажрибаларни жорий қилишга доир тарғибот ишларини кучайтириш, сув хўжалигини жадал ривожлантиришга ҳисса қўшиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги