Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Патруль-пост хизмати туфайли шаҳарларда жиноятчилик камаймоқда

2020-03-05 | Хавфсизлик соҳаси

Миллий матбуот марказида патруль-пост хизмати йўналиши бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва жамоат жойларида жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирларга бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.

Ички ишлар вазирлигининг Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг таъсирчан тизими шакллантирилгани туфайли аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши таъминланиб, хавфсизлиги ҳимоя қилинаётгани таъкидланди.
 
Тошкент шаҳар патруль-пост хизмати бригадаси таркибида отлиқ отряд тузилган. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида очиқ ва шаффофликни таъминлаш мақсадида патруль-пост хизмати ходимларини хизматни ўташ, фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берувчи “Боди-камера” ҳамда планшет билан таъминлаш юзасидан зарурий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Ўтган йилда жиноятчиликка қарши курашиш борасида кўрилган чоралар натижасида патруль-пост хизмати саф бўлинмалари хизмат ўтайдиган шаҳарларнинг жамоат жойларида содир этилган жиноятлар сони 13,5 фоиз камайган. Патруль-пост хизмати нарядлари иштирокида 4 минг 171 та ва улар томонидан бевосита 594 та жиноят фош этилган. Қидирувда юрган 658 нафар жиноятчи ва бедарак йўқолган 143 нафар шахс аниқланган.
 
Президентимизнинг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ пойтахтимизда жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятга самарали ва янгича тизим татбиқ этилди. Унга кўра, “Хавфсиз пойтахт” концепцияси амалиётга жорий этилиб, унинг доирасида жиноятларнинг оқибатларига эмас, балки сабаблари ва асосий омилларига қарши курашишга эътибор қаратилди. Бу ўзининг ижобий самарасини бергани туфайли Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 21 та йирик шаҳарда ушбу концепция татбиқ этилди.

– Республикамизда ўтказилаётган оммавий тадбирларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, – дейди Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи полковник Бекмурод Абдуллаев. – 2000 йилда мамлакатимиз ҳудудида ўтказилган оммавий тадбирлар 8 минг 56 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда 109 минг 977 тага етди. Ҳозирги вақтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ва жиноятларни фош этишда хизмат итлари ходимларимизнинг яқин ёрдамчиси ҳисобланади. Ўтган йилда хизмат итлари ёрдамида 2 минг 563 та жиноят фош этилди. Ҳуқуқбузарлардан 77 килограмдан ортиқ турли хилдаги гиёҳванд моддалар, ноқонуний муомаладан 6 дона ўқотар қурол, 2 минг 530 дона ўқ-дори олинди.
 
Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси қошида ички ишлар органларининг хизмат итлари наслчилик питомниги ташкил қилинган. Унда зотдор хизмат итлари 8 ойлик бўлгунга қадар боқилиб, республика ички ишлар органларидаги кинолог ходимларга бириктириш учун тарқатилади. Бу билан келгусида хизматда фойдаланишга яроқли бўлган итлар сотиб олинмайди ва ички ишлар органида хизмат итларига бўлган эҳтиёж қондирилади.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси патруль-пост хизмати бригадасига пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар махсус муассаса фаолияти, яратилган шароитлар билан таништирилди.
 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться