Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"WEBDOC" электрон ҳужжатлар алмашувини ва бизнес-жараёнларни бошқариш дастури
2020-03-04 | Технологиялар
Бошқарувнинг турли соҳаларида автоматлаштирилган ахборот тармоқларини яратиш айни кунда мавжуд ахборотлаштириш муаммоларини ҳал этиш йўлларидан ҳисобланади. Бу борада ахборот марказларига тушаётган маълумотлардан рационал фойдаланишни таъминловчи бўлинмалараро локал тармоқларнинг мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга.
Бундай тармоқларнинг ишлаши турли хизматлар, шунингдек бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари ўртасида қоғозсиз ҳужжатлар алмашинуви жараёнларини ташкил этиб, автоматлаштирилган иш жойларидан унумли фойдаланишга имкон яратади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида ахборот таъминотини жадаллаштириш учун ахборот технологияларидан фойдаланишнинг амалий кўникмаларини пухта эгаллаган кадрларни тайёрлаш талаб этилади. Юксак ахборот маданияти эса фақат махсус билимларни ўзлаштириш орқали таъминланади.
Дастур компания ходимлари учун кирувчи хат-хабарларни яратиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тарқатиш, шунингдек ички ҳужжатлар (рапортлар, талабномалар, хатлар ва бошқалар) алмашувини автоматлаштириш учун мўлжалланган. Дастурнинг функсионал имкониятлари қуйидагилардан иборат:
• фойдаланувчи номлари/пароллари асосида тизим фойдаланувчилари томонидан хавфсиз фойдаланиш;
• тизим фойдаланувчилари ҳақида маълумотларни тўлиқ ва батафсил сақлаш;
• тизимга кириш учун пароль ва логинларнинг хавфсизлиги сиёсати;
• фойдаланувчиларнинг RBACга эркин кириш роллари асосида тизимда ишлаши;
• ходимлар учун ускуналар - фойдаланувчиларни бўлимлар кесимида кўриш;
• электрон ҳужжат яратиш;
• ҳужжатларни бир нечта фойдаланувчиларга юбориш;
• кейинги қабул қилувчилар кўрсатмаси ва ҳужжатларни теглаш;
• бирламчи ҳужжатларнинг ички корпоратив ҳужжат алмашуви;
• ID бўйича ҳужжатларни қидириш.
Дастур идоравий иш юритиш, ҳужжатлар алмашинувини ташкил этишда замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиш, янги инновацион усуллар ва технологияларни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш орқали ижро интизомини мустаҳкамлашга эришишда долзарб аҳамият касб этади.
Дастур муаллифи Маматкулов Донёрга “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра DGU 07106 рақамли патент берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги