Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегацияси халқаро ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг Умумий масалалар ва сиёсат кенгаши йиғилишида иштирок этмоқда
2020-03-04 | Сиёсат
Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг Умумий масалалар ва сиёсат кенгаши (HCCH) йиғилишида иштирок этиш учун ҳозирда Нидерландияда бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистоннинг Гаага конференциясига қўшилиш жараёнларини якунлашдир. Бу мамлакатимизнинг халқаро оилавий ва хусусий ҳуқуқ меъёрларини унификация қилиш тартибларида иштирок этиш, ҳуқуқий тизимни дунё стандартларига мувофиқ янада ривожлантириш, хорижда давлатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Жорий йилги 3 март куни Ўзбекистон делегацияси халқаро ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясининг Умумий масалалар ва сиёсат кенгашининг очилиш масжлисида иштирок этди.
Шунингдек, Гаагадаги «Ньюспорт» халқаро матбуот марказига ташриф уюштириш ва адлия вазири Р. Давлетовнинг «Frank Creations» порталига интервью бериши ҳам режалаштирилган. Унда Нидерландияга уюштирилган ташриф мақсадлари, НССН Уставининг тан олиниш воситасининг топширилишига урғу берилади.
Шунингдек, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ва юридик соҳаларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бўлажак «Tashkent Law Spring» II халқаро юридик форуми ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, иш куни дастуридан мамлакатимиз делегациясининг Ривожланиш ҳуқуқи бўйича халқаро ташкилот (IDLO) офиси раҳбари, дастурлар ва стратегик ташаббусларни ишлаб чиқиш директори Эрвин ван дер Барт ҳамда маслаҳатчи Артур ван Байнтенен билан учрашуви, Гаагадаги нотариус офисига ташриф буюриши ҳам ўрин олган.
Делегация ташрифи Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси кўмагида амалга оширилмоқда.
Маълумот учун: HCCH — 1893 йилда ташкил этилган ноҳукумат ташкилот. Унинг мақсади – халқаро хусусий ҳуқуқ меъёрларини мунтазам унификация қилишга кўмаклашишдир. Ҳозирги кунда дуёндаги 82 та давлат, Европа иттифоқи мамлакатлари ушбу ташкилот аъзоси ҳисобланадилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги