Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижтимоий тармоқларда тарқалган коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келганлиги ҳақидаги хабарлар ёлғон
2020-03-04 | Соғлиқни сақлаш
Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси мамлакатимизга кериб келганлиги ҳақидаги, асосланмаган хабарлар тарқалмоқда. Ушба хабарлар мутлақо ёлғон бўлиб, айни пайтга қадар юртимизда коронавирус касаллиги умуман қайд этилмади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасига юқумли касалликлар, жумладан, “COVID-19” коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларида қатъий назорат ўрнатилган. Ушбу пунктлар замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.
Аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши назорат тадбирлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан халқаро тиббий санитария талаблари асосида амалга оширилмоқда. Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда маҳаллий мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳам ҳамкорикда тизимли фаолият олиб борилмоқда.
Афсуски, юқоридаги каби ёлғон хабарлар аҳолининг саросимага тушишига сабаб бўлмоқда. Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятдан хавотирга тушмасликларини, агар ушбу ҳолат билан боғлиқ саволлар бўлса, вазирлик ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг (71) 276-46-65, (71) 276-49-66 телефон рақамларига мурожаат қилишларини сўрайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги