Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида барқарор истеъмол қилиш ва ишлаб чиқаришни янада рағбатлантириш” мавзусида семинар
2020-03-04 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 3 март куни Тошкент шаҳридаги Windham меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Switch-Asia дастури ҳамкорлигида Ўзбекистонда яшил иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан барқарор истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш йўналишида устувор йўналишларни аниқлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида қуйидаги икки масалага алоҳида эътибор қаратилди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ-4477-сонли қарори билан тасдиқланган «2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш Стратегиясининг мазмун-моҳияти ёритиб бериш, бугунги кунда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва келгусида режалаштирилган ишларга тухталиб ўтилди. Жумладан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги вакили тақдимоти давомида Стратегияни амалга ошириш бўйича 2020 йил учун режалаштирилган ҳаракатлар режаси ва ундаги асосий тадбирлар ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтди.
Европа Иттифоқининг Switch-Asia дастури Жанубий Осиёнинг 19 давлатини қамраб олган бўлиб, 2019 йилдан бошлаб ўз фаолиятини Марказий Осиёнинг бешта давлатида ҳам юритишни бошлади. Дастурнинг асосий фаолияти ишлаб чиқаришдаги энергия самарадорлигини оширишга қаратилганлиги юқоридаги Стратегиянинг устувор йўналишларидан бирининг амалга ошишига хизмат қилади. Дастур экспертининг тақдимотига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекситон учун учта устувор қуйидаги йўналишлар танлаб олинган:
- барқарор истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш йўналишини тартибга солувчи меёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- маҳсулотлар ва хизматларни экологик маркировкалаш;
- биноларни энергетик сертификатлаш.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқариш бўйича юқори техник салоҳиятга эга бўлиб, унинг 97 фоизи қуёш энергиясининг улушига тўғри келади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4422-сон қарори билан мавжуд салоҳиятлардан самарали фойдаланиш мақсадида 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш вазифаси белгиланди. Бунинг учун, 10 йил мобайнида жами 5000 МВт қувватдаги қуёш электр станцияларини қуриш кўзда тутилган.
Ўтказилган таҳлиллар иқлимнинг ўзгариши шароитида самарали, ресурс тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашда ўзаро боғлиқ муаммолар ва эҳтиёжлар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда, шунингдек, атроф муҳитга салбий антропоген таъсирни кучайтирмоқда ҳамда иссиқхона газлари ажратмаларининг ортишига олиб келмоқда.
Шу ўринда Стратегия билан тасдиқланган ва иқтисодиётнинг базавий тармоқлари энергия самарадорлигини ошириш, энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асрашга қаратилган қуйидаги 10 та мақсадли параметрларнинг тасдиқланишини юқоридаги муаммоли вазиятларни юмшатишга хизмат қилади:
иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш;
икки карра энергия самарадорлиги кўрсаткичини ошириш ва ялпи ички маҳсулот углерод сарфи ҳажмини камайтириш;
қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш;
100 фоизгача аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергиядан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш;
саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш, энергия самарадорлигини 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорга ошириш ҳамда соф ва экологик хавфсиз технологиялар ва саноат жараёнларидан янада кенг фойдаланиш ҳисобига уларнинг барқарорлигини таъминлаш;
энергия самарадорлик ва экологик жиҳатдан яхшиланган тавсифларга эга мотор ёқилғиси ва автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришни ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, электр транспортини ривожлантириш;
иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва уларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини 20-40 фоизгача ошириш;
ерларнинг таназзулга учраши бўйича нейтрал балансга эришиш;
асосий турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача ҳосилдорлигини 20-25 фоизгача оширишга эришишдир.
Семинар давомида иштирокчиларга «яшил» иқтисодиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни ва халқаро молия институтлари кредитлари ва грантларини жалб қилиш мавзуси батафсил ёритиб берилди.
Тадбир сўнгида таъкидланганидек, Стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини орттириш борасида бошқарувни яхшилашга, табиий ресурсларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга, иссиқхона газларининг ажратмаларини камайтиришга, «яшил» энергиядан фойдаланишни таъминлашга, «яшил» иш ўринлари яратишга ва иқлим барқарорлигига эришишга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги