Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Беларусь-Ўзбекистон Аграр форуми бўлиб ўтди
2020-03-03 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Беларусь давлатларининг маҳаллий ҳокимият органлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчилари, олимлар ва ишбилармонлар, ускуналар ва технологиялар етказувчилари, инвесторлар иштирокида икки кунлик Беларусь-Ўзбекистон Аграр форуми бўлиб ўтди.
Форумда Беларусь Республикасининг 150 га яқин тадбиркорлари ва ташкилотлари, шунингдек, 600 дан ортиқ Ўзбекистон ишбилармон доира вакиллари иштирок этишди. Бу эса икки мамлакатнинг аграр соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қизиқиш юқори эканлигидан далолат беради.
Тадбир доирасида иштирокчилар аграр соҳада саноат кооперацияси ва ускуналар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш учун янги технологияларни жорий этиш имкониятларини муҳокама қилишди. Шунингдек, тадбирда наслли чорвачилик, сут-маҳсулот фермалари, сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарини лойиҳалаштириш ва ташкил этиш бўйича энг яхши ишланмалар тақдим этилди.
Шу билан бирга, аграр форум доирасида ялпи мажлислар, мавзулар бўйича секциялар ва В2В-музокаралар ташкил қилинди. Унда боғдорчилик, ўсимлик етиштириш, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш соҳасида ўзбек ва беларусь мутахассислари тажриба алмашишди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тарихида катта ютуқларга эришилгани иштирокчилар томонидан таъкидлаб ўтилди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли ва фаол мулоқот ҳамда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатлар давлатлар ўртасидаги ривожланиш йўналиши ва динамикасига туртки бермоқда.
Аграр форумнинг очилиш маросимида Беларусь Республикасининг Бош вазири ўринбосари В. Дворник таъкидлаганидек, “Беларусь ишбилармон доира вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи бизнинг бизнес ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқади. Беларусь-Ўзбекистон Аграр форуми ўзбек ва беларусь ҳамкорлари ва ҳамкасбларни янги ғоялар ҳамда инновацион ютуқлар билан таништириш, уларни агросаноат мажмуасидаги биргаликда амалга ошириш учун истиқболли лойиҳаларни аниқлашда ажойиб имкониятдир”.
Форум якунида Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармон доира вакиллари ўртасида эришилган натижаларни ўзида мужассамлаштирган ҳамда икки мамлакат аграр секторидаги янги йўналишларни белгилаб берувчи келишувлар имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги