Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Хитой делегациясини қабул қилди
2020-03-02 | Сиёсат
Бугун, 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Ташқи ишлар бўйича комиссия девонхонаси раҳбари Ян Цзечи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитойни дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари яқиндан боғлаб турганини қайд этди.
Мамлакатларимиз етакчиларининг мунтазам учрашувлари икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, уни аниқ мазмун билан бойитиш имконини берди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда. Хитойнинг илғор компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида Ўзбекистонда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Юқори мартабали меҳмон Президентимизга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Президенти номига йўлланган шахсий мактубини топширди. Ушбу мактубда кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликда юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилган ҳамда янги турдаги коронавирус тарқалишига қарши курашда кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирилган.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Хитой шериклигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда энергетика, нефть-газ, кимё, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳамда инфратузилмани модернизация қилиш бўйича устувор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ ва бошқа тузилмалар доирасидаги конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, “Бир макон, бир йўл” ташаббусини илгари суриш доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти