Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Баҳорнинг биринчи иш кунида Сергели туманида ҳар бири 1680 ўринга мўлжалланган янги иккита мактаб очилди

2020-03-02 | Таълим

Баҳорнинг биринчи иш кунида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ҳар бири 1680 ўринга мўлжалланган янги 329- ва 330-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Замонавий мактабларнинг очилиши маросимида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизнинг Сергели туманида кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, янги мавзелар аҳолига топширилмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мазкур мавзеларда ижтимоий объектлар ҳам ташкил этилмоқда.

Жумладан, 2019 йилда Сергели туманида тўртта янги мактабнинг қурилиш ишлари бошланган эди. Ҳозирда уларнинг иккитаси, яъни 329- ва 330-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларни қабул қилишга шай.

Таъкидлаш лозимки, ҳар бир мактаб 1680 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, бу сўнгги йилларда қурилган энг катта қувватга эга мактаблар ҳисобланади. Мактабларни қуриш жараёнида 2019 йилда ташкил этилган Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланилди.

Тўрт қаватли мактабларнинг ҳар бирида 48 та ўқув хоналари мавжуд бўлиб, уларнинг 20 таси фан хонаси, 14 таси бошланғич синф хонаси ва 14 та хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналаридир.

Бундан ташқари, мактабларда 15 та маъмурият хонаси, 1 та чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик хонаси, 4 та ахборот технологиялари хонаси, 4 та тўгарак хонаси, 3 та кимё, биология, физика лаборатория хоналари, 2 та ўғил ва қиз болалар технология хонаси, 1 та мусиқа хонаси, 1 та кутубхона фаолият юритади.

Ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида 1 та 40 ўринга мўлжалланган электрон кутубхона, 1 тадан тиббиёт ҳамда тиш шифокори хонаси, 1 та 140 ўринли фаоллар зали, 1 та 200 ўринли ошхона, 2 та спорт зали, футбол, баскетбол, волейбол майдонлари ҳам ташкил этилган.

Мазкур мактабларда таълим сифатини таъминлаш мақсадида Тошкентдаги энг талаб юқори бўлган мактаб директорлари орасида танлов ўтказилиб, номзодлар Кузатув кенгашлари томонидан танлаб олинди ҳамда ўқитувчилар тест синовлари асосида ишга қабул қилинди. Жорий йилнинг 26-27 февраль кунлари А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ташкил этилган 550 нафардан зиёд талабгор — умумтаълим фани ўқитувчилари мутахассислик фанлари, АКТ ва фанни ўқитиш методикаси бўйича онлайн тест синовларида иштирок этди. Тест синовлари натижасига кўра энг кўп балл тўплаган ўқитувчилар ишга қабул қилинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Сергели туманида янги ташкил этилаётган мазкур мактабларда 292 нафар ўқитувчилар учун янги иш ўринлари яратилиб, ёш, билимли ва ташаббускор педагоглар иш билан таъминланади.

Ҳозирги кунда янги ташкил этилган мактабларнинг маъмурияти мавзеда яшовчи аҳолидан фарзандларини мактабга қабул қилиш бўйича аризаларни қабул қилишда давом этмоқда.

- Президентимиз ташаббуслари билан халқ таълими тизимини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда “Замонавий мактаблар”ни ташкил қилиш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Бугун очилган мактаблар юртимизда “Замонавий мактаблар”ни ташкил этишдаги илк қадамдир. Бундай мактаблар босқичма-босқич мамлакатимизнинг барча вилоятларида ташкил этилади”, - деди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

- Мазкур мактабларда яратилган шароитлар учун Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бундай шароитларда пухта билим олиб, келажакда яхши инсон бўлишга интилишимиз лозим. Бу каби замонавий компьютер хоналари ва ўқув лабораторияларида таълим олишни шараф деб биламан, — дейди 8-синф ўқувчиси Иброҳим Ҳамидуллаев.

- Янги мактабда шароитлар жуда ҳам яхши. Меҳнат хонаси замонавий тикув машиналари, пазандачилик учун турли буюмлар билан жиҳозланган. Барча хоналар жуда шинам. Президентимизга бундай мактаб учун миннатдорчилик билдирамиз. Яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, яхши ўқиб, етук мутахассис бўлиб етишиб чиқишга ваъда бераман, — деди 8-синф ўқувчиси Моҳира Раҳмонова.

Ҳозирги кунда мазкур мактабда таълим давлат тилида олиб борилади. Келажакда малакали ва билимли ўқитувчилар жамоаси шакллантирилса, бошқа тилларда ҳам таълим ташкил этилиши мумкин.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться