Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Куйишга қарши ва яра битказувчи воситани олиш усули
2020-03-02 | Фан
Куйиш - кимёвий моддалар (ишқор, кислота, оғир металларнинг тузлари ва б.), электр токи ва радиоактив нурлар таъсирида тўқималарнинг шикастланиши оқибатида келиб чиқади. Шунга кўра, термик куйиш, кимёвий моддалар ва нурлар таъсирида куйиш ўзаро фарқ қилинади. Турмуш ва ишлаб чиқаришда термик куйиш кўп учрайди.
Тўқималарнинг зарарланишига қараб куйишнинг 4 даражаси фарқланади:
I даражада - тери қизариб, бир оз шишади, 4-5 кундан сўнг тузала бошлайди.
II даражада - қизарган тери юзасида тиниқ, сарғиш, суюқлик билан тўла пуфакчалар пайдо бўлади, улар ёрилганда терининг юза қавати очилиб, безиллаб туради. Ярага инфекция тушмаса, 10-15 кунда чандиқсиз тузалади.
III даражада - терининг ҳамма қавати ўлади (тери усти қорайиб кетади - некроз).
IV даражада - тери ва тери ости тўқималари (пай, мускуллар ва ҳатто суяклар) куйиб кўмирга айланади. Одатда, куйган жой жуда секин тузалади, кўпинча ўша жойда чуқур чандиқлар пайдо бўлади. Айниқса, киши юзидаги чандиқлар ҳуснни бузади. Бўйин ва бўғим атрофидаги чандиқлар (оғир турлари) улар ҳаракатини чеклаб қўйиши мумкин.
Куйишга қарши ва яра битказувчи воситани олиш усули майдаланган ўсимлик хом ашёсини эритгич - бензин ёки гександа экстракция қилиш, филтрдан ўтказиш ва эритгични буғлантириш йўли билан олинади.
Яра битказувчи восита қуйидаги жиҳати билан фарқланади: ўсимлик хом ашёси сифатида мос равишда 2,5-1:1:1 масса нисбатида олинган наъматак мевалари (Rosa canina L.), кунжут уруғи (Sesamum indicum L.), гармаланинг ерусти қисми (Peganum harmala L.) ва зизифора (Ziziphora pedicellata Pazij et Vved) қўлланади, бензин ёки гексан билан экстракциялаш Сокслет системасида 60-78°С ҳароратда ҳамда хом ашё: эритгичнинг 1:15 масса нисбатида 8-10 марта ўтказилади кейин экстракт табиий липидли моддалар миқдори 30-35 фоизга етгунича концентрация қилинади.
Куйишда бериладиган биринчи ёрдам тутаётган, ёнган ёки кимёвий моддалар тўкилган кийимни ечиб ёки қирқиб олиш, куйган жойга асептик боғлов қўйишдан иборат. Биринчи ёрдам кўрсатишда куйган жойдаги пуфакчаларни ёриш, муз босиш, ҳар хил малҳамлар қўйиш, хусусан, пешоб боғлаш ярамайди.
Ихтиро учун ўзбекистон Республикаси Фанлар адемияси академик С.Ю.Юнусов номидаги ўсимлик моддалари кимёси институтига “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига кўра IAP 06028 рақамли патент берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги