Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германия Ҳукуматининг Афғонистон бўйича Махсус вакили билан учрашув тўғрисида
2020-03-02 | Сиёсат
2020 йилнинг 28 февраль куни Доҳа шаҳрида (Қатар) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Германия Федератив Республикаси Ҳукуматининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Маркус Поцел билан музокаралар ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Германиянинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришдаги саъй-ҳаракатлари ва ушбу мамлакатда тинч сиёсий жараённи тезроқ бошлаш масалалари муҳокама қилинди.
Германия Махсус вакили Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистон инқирозини тезроқ ҳал этиш, Афғонистонда турли иқтисодий лойиҳаларни тадбиқ этишга амалий ёрдам бериш борасидаги қадамларини юқори баҳолади.
Германия дипломати 2018 йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Халқаро конференциянинг аҳамиятини яна бир бор таъкидлади, ушбу тадбир Афғонистонда тинчлик музокараларини тезроқ бошлаш масаласида жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларининг сезиларли даражада фаоллашишига олиб келди. Унинг фикрига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон бу масалада муҳим роллардан бирини ўйнайди, афғон халқи орасида юқори мавқега эгалиги ва қўшни Афғонистонга нисбатан олиб бораётган дўстона сиёсати бунга замин яратди.
Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича Ўзбекистон ва Германия ҳаракатларини бундан кейин ҳам мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги