Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оролда биргаликда боғ яратамиз!
2020-02-28 | Экология
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан “Оролдаги боғим“ — “My garden in the Aral Sea” агро ва экотуризм инновацион лойиҳаси бўйича www.aralforest.org сайти ишга туширилди.
“Оролдаги боғим“ лойиҳасининг асосий мақсади Ўзбекистон учун ноёб бўлган аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ишга тушириш бўлиб, бутун дунё вакиллари ва маҳаллий аҳолининг Орол денгизининг қуриши оқибатларини енгиб ўтишда бевосита иштирок этиш ҳиссини уйғотиш, шу орқали Оролбўйи аҳолиси турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Бунда дарахтларни экиш учун маблағ йиғиладиган краудфандинг (аҳоли молиялаштируви) платформаси ишга туширилади.
Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан 2020 йилда лойиҳа доирасида 100 минг туп дарахт экиш мўлжалланмоқда. Дарахтларни экишда сувни тежайдиган технологиялар қўлланилади.
Агар сиз мазкур жараёнда қатнашишни истасангиз-у, аммо Оролбўйига боришга имконингиз бўлмаса, мазкур лойиҳада иштирок этиб, қуриган Орол денгизи тубини боғ, дарахтзорга айлантириш имконини қўлдан бой берманг!
Чўл ўсимлигининг ҳар 1 кўчатини экишга 1 доллар (10 минг сўм) сарф қилинади, манзарали дарахтларнинг ҳар 1 кўчатини экиш учун эса 5 доллардан 20 долларгача (50 минг сўмдан 200 минг сўмгача) харажат қилиниши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази Мўйноққа ташриф буюрувчи сайёҳлар томонидан хайр-эҳсон қилиш учун барча шароитлар яратилади. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун Uzcard, Viza, Mastercard тўлов терминаллари ўрнатилади ва қўшимча равишда тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш учун шароитлар яратилади.
Ҳар бир иштирокчи дарахтларни ўзига керакли миқдорда сотиб олиши ва Марказ қошидаги “Мўйноқ” илмий-ишлаб чиқариш участкасидан ажратилган жойга экилишини таъминлаши мумкин. Боғ доимий қўриқланади, дарахтларга ғамхўрлик қилинади ва бундан ташқари, ҳар бир экилган кўчатни парвариш қилиш, суғориш ва ўғитлаш ишларига ҳам масъуллик белгиланади.
Марказда сайёҳларнинг умумий электрон маълумотлар базаси бўлади. Умумий маълумотлар базасига сайёҳлар тўғрисидаги маълумотлар (исм, фамилия, мамлакати, кўчатлар номи, туғилган сана, электрон почта манзили) киритилади. Лойиҳа иштирокчиларига кўчатлар бўйича молиявий, фото ва видео ҳисоботлар электрон кўринишда доимий равишда тақдим этилади. Бир йил ўтгач, марказга ташриф буюрадиган сайёҳлар ўз кўчатларини Орол денгизи ҳудудига кўчириб ўтказишлари мумкин, агар ташриф буюришнинг иложи бўлмаса, марказга кўчатларни Орол денгизининг қуриган тубига трансплантация қилишлари мумкинлиги ҳақида хабар юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу акцияда қатнашиш истагида бўлган барча ҳамюртларимиз ва хорижий фуқароларни фаол иштирок этишга чақиради! Ҳар биримиз Оролбўйи экологик ҳолатини яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги