Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Директорлари кенгашининг махсус йиғилиши бўлиб ўтди
2020-02-28 | Иқтисодиёт
Лондонда бўлиб ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Директорлари кенгашининг махсус йиғилишида Ўзбекистон томонидан ЕТТБ Бошқарувчиси – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ЕТТБ билан ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва уни кенгайтириш таклифлари билан мурожаат қилди.
Тақдимот давомида ўтказилган парламент сайловлари муносабати билан Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг асосий йўналишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳада таркибий ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ютуқлар, халқаро молия институтлари, хусусан, ЕТТБ билан ҳамкорликнинг таҳлили ёритилди.
Мурожаатда Ўзбекистоннинг ЕТТБ ни ўрта муддатли истиқболда стратегик ривожлантиришга оид асосий масалалари бўйича позицияси акс эттирилди ва шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини устувор тармоқларда янги иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар ҳажмининг кўпайтириш орқали тубдан ошириш зарурати асослантириб берилди.
Шунингдек, мурожаат доирасида 2023 йилда ЕТТБ Бошқарув кенгашининг йиллик йиғилишини Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи тақдимот қилинди. Бу таклиф Кенгаш аъзолари ва Банк раҳбариятининг ижобий реакциясига сабаб бўлди – бугунги кунда Самарқанд барча мезонлар бўйича ушбу тадбирни ўтказиш ҳуқуқига асосий даъвогарларидан бири бўлиб қолмоқда.
Саволлар ва изоҳлар бўйича кейинги сессиялар давомида Кенгаш аъзолари томонидан Ўзбекистондаги ташаббус ва ўзгаришларни, шу жумладан устувор тармоқларни ислоҳ қилиш орқали иқтисодиётни либераллаштириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларини бошлаш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича фаол иш олиб бориш орқали глобал иқтисодий маконга интеграциялашиш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлари билдирилди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклифлар Банк раҳбарияти Президент С.Чакрабарти томонидан қўллаб-қувватланди ва Директорлар кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинди.
Шунингдек, Хоразм вилоятида давлат аҳамиятидаги умумий фойдаланиш автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш учун Ўзбекистон Республикасига узоқ муддатли молиялаштириш тақдим қилиш тўғрисидаги келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ундан сўнг Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ЕТТБ раҳбарияти Президент С. Чакрабарти, Биринчи вице-президент Ж.Ригтеринг, вице-президент А.Пиллоу, Бош котиб Э.Кватрочокке, Директорлар кенгаши аъзоси Р. Винзап ва Марказий Осиё минтақаси бўйича директори А.Кусвек билан қатор учрашувлар ўтказиб, ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва яқин келажакдаги режалар батафсил муҳокама қилинди.
ЕТТБ штаб-квартирасида ишлайдиган ватандошлар билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди – очиқ мулоқот шаклида Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни, халқаро молия институтлари, шу жумладан ЕТТБ билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, давлат тузилмалари ва идоралари фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатимиз иқтисодий тизимини такомиллаштиришга кўмак берувчи қимматли захира сифатида хорижий мамлакатларда Ўзбекистонлик юқори малакали мутахассисларга эга бўлиш муҳимлиги таъкидланди ҳамда бундай мутахассисларнинг тажрибаси ва билимлари жуда фойдали бўлиши мумкин бўлган актуал йўналишлар белгилаб олинди.
Ўз навбатида, ЕТТБ ходимлари Ўзбекистонда иқтисодий ва ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар ва воситалар тўғрисида фикр ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.
Учрашув якунида маълумот, фикр ва таклифлар алмашиш орқали, шу жумладан ватандошларни Ўзбекистонда ишлашга жалб қилиш имкониятини истисно қилмаган ҳолда, яқин ҳамкорлик ўрнатиш борасида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги