Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда олий таълимда коррупцияга қарши курашишга бағишланган халқаро конференция ўтказилмоқда
2020-02-28 | Таълим
2020 йил 27-28 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Mажлис Сенати, Бош прокуратура академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Олий таълим - коррупциясиз соҳа” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Халқаро анжуман ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда ЕХҲТ лойиҳалари кўмагида ташкил этилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, сенаторлар, халқаро ва маҳаллий экспертлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бош прокуратура академияси масъул ходимлари ва ректорлар анжуманда спикер сифатида иштирок этдилар.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида олий таълим тизимида “коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилмоқда, – деди вазир Иномжон Мажидов. – Ўтган давр мобайнида соҳада бу иллатга қарши курашиш йўлида барча ресурслар ишга солинмоқда, сезиларли натижаларга ҳам эришилди. Лекин ҳали олдинда қилишимиз керак бўлган ишлар кўп, анжуманда коррупцияга қарши курашиш бўйича керакли тавсиялар ишлаб чиқилади деган умиддамиз.
Конференцияда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашишга қаратилган амалдаги ҳуқуқий механизмлар ва амалий чораларни муҳокама қилиш учун эксперт майдони шакллантирилиб, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда ушбу соҳада ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилади.
Анжуманнинг биринчи кунида ялпи мажлисларда таълим олиш ва ходимларни ишга қабул қилиш, академик ҳалоллик маданияти, олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашда АКТдан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Бугун халқаро анжуман дастуридан олий таълимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш масаласида халқаро экспертлар иштирокида тренинг ўрин олган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги