Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Шахсий кабинет”да ҳаммаси тез ва осон ҳал бўлади
2020-02-28 | Технологиялар
Ҳеч бир тадбиркор иш жараёнида муаммо ёки низога дуч келмасликдан кафолатланган эмас. Баъзан чигал вазиятни оқилона ва одилона ҳал этиш судгача етиб бориши мумкин. Бундай пайтларда зарур ҳужжатларни судга тақдим этишнинг ўзиёқ унча-бунча саъй-ҳаракатни талаб этади. Натижада вақт йўқотилади, кези келганда овора-ю сарсон бўлишга ҳам тўғри келади.
Бундан буён бу ташвиш тадбиркорлик субъектларини ортиқ қийнамайди. Эндиликда улар ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун идорадан чиқмай туриб, иқтисодий судга тез ва осон мурожаат қила олади. Президентимизнинг “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ана шундай муҳим янгилик ва енгиллик яратилди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб, юридик шахслар даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконига эга бўлди.
Бунинг учун юридик шахс солиқ тўловчи шахсий кабинетидаги Даъво аризаларини судга юбориш бўлимига кириб, даъво аризасининг рақами, санаси ва суммасини киритади. Тегишли қисм юридик шахснинг СТИРи билан тўлдирилгач, тадбиркорлик субъектининг манзили, телефон рақами ва шу каби бошқа муҳим маълумотлар экранда автоматик тарзда пайдо бўлади. Жавобгарга тааллуқли бўлимлар ҳам шу сингари зарур маълумотлар билан тўлдирилади. Шундан сўнг мурожаатчи даъво аризаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни сканер қилиб, уларни белгиланган жойга бириктиради ва тегишлилиги бўйича ҳудудий иқтисодий судга юборади.
Юридик шахс даъво аризасини жавобгар ҳамда иқтисодий судга электрон шаклда йўллашининг афзалликлари кўп ва уларнинг ҳар бири муҳим. Аввало, даъво аризаларини иқтисодий судга бориб топширишга ҳожат қолмайди. Шахсий кабинет орқали юборилаётган даъво аризалари электрон рақамли имзо калити билан тасдиқланади ва ҳужжат тўлиқ ҳимояланган бўлади. Яъни, маълумотлар ишончлилиги ва хавфсизлиги кафолатланади. Юборилган аризанинг ҳар бир босқичдаги ҳолатини шахсий кабинет орқали кузатиб бориш мумкин.
Муҳими, буларнинг бари бир нуқтада – солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали исталган вақт ва манзилда тезкор, аниқ тарзда амалга ошади. Иқтисодий суд котибияти келиб тушган аризаларни қулай, осон ва сифатли рўйхатга олиш имконига эга бўлади. Булар эса вақтни тежайди, харажатларни қисқартиради. Қолаверса, қоғозбозликни бартараф этади, бюрократиянинг олди олинади. Бундай ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар ривожига ҳисса қўшади. Айни жиҳат Жаҳон банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган «Бизнес юритиш» ҳисоботида Ўзбекистоннинг ўрни ва нуфузини юксалтиришда алоҳида аҳамиятга эга.
Айтиш жоиз, жорий қилинаётган ушбу янги тизим амалдаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни тақозо этади. Шу сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари, Олий суд ва бошқа идоралар мухассислари билан биргаликда “Ўзбекистон Республикасининг “Судларда ишларни юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги ва “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Хусусан, Иқтисодий процессуал кодекснинг тегишли моддаларида суд ҳужжатлари ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат тарзида шакллантириш, даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга ахборот тизими орқали электрон тарзда юбориш мумкинлиги қайд этиляпти. Бундан ташқари, Солиқ кодексида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали қонунда назарда тутилган ҳолларда, бошқа манфаатдор шахслар ҳам электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга оширишини белгиловчи норма киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси Парламент қуйи палатасининг 2020 йил 18 февралда бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида муҳокамалардан сўнг учинчи ўқишда маъқулланди ҳамда уни Сенатга юбориш юзасидан Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳуқуқшунос сифатида фикрим шуки, судлар иш юритувига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишда янада дадил ва ишончли қадамлар ташлашимиз керак. Фақат шу йўл орқали эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган тўсиқ ва ғовларга барҳам беришга эришамиз. Бу, айниқса, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да олдимизга қўйган катта мақсадлар, устувор вазифаларга ҳар томонлама мос. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради.
Замир РЎЗИЕВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг Бош юристконсульти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси