Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Литва делегацияси билан учрашув
2020-02-27 | Сиёсат
26 февраль куни пойтахт ҳокимлигида Литва Республикасининг спикери муовини Ирена Шяулене бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқот давомида ҳоким ўринбосари Шароф Раҳмонов меҳмонларга Тошкентда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб, пойтахтнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ масалалар ва ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.
"Сизнинг шаҳарни ривожлантиришдаги тажрибангизни билган ҳолда, Вильнюс мэрияси билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва яқиндан алоқаларни ўрнатишни таклиф қиламиз" - деди Рахмонов.
Ирена Шяулене таклиф учун миннатдорлик билдириб, болалар боғчаларини, спорт иншоотларини ва боғларни барпо этиш, шаҳар хўжалигини бошқариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш каби масалаларда ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
Шунингдек, меҳмонлар Вильнюснинг ахборот технологияларини қўллаш, смартфон орқали тўлов қилиш мумкин бўлган пуллик автотураргоҳлар, пластик буюмларни утилизация қилиш ва шаҳар байрамларини ташкиллаштириш борасидаги ютуқлари ҳақида айтиб ўтдилар.
Битирувчиларининг Европа олий таълим муассасаларига кириш имкониятини ошириш учун Тошкентда Ўзбекистон таълим талаблари билан бир қаторда Литва таълим дастурлари асосида билим берувчи мактабни очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар туризм ва маданий алмашинувга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирдилар.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги