Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Виртуал музейлар - миллий маданий ютуқларнинг ёрқин рамзи
2020-02-26 | Маданият
Туркия Республикасининг “Топкапи” саройида “Янги Ўзбекистоннинг маданий бурчаги”ни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиш, МДҲга аъзо давлатларнинг 2021-2022 йилларда гуманитар соҳада ҳамкорлик бўйича Тадбирлар режаси лойиҳаларини ҳамда МДҲга аъзо давлатлар маданий мерос бўйича виртуал музейи Низоми лойиҳаси муҳокамасига бағишланган эксперт йиғилишида иштирок этиш мақсадида Маданият вазирлигининг делегацияси 25-28 февраль кунлари Минск шаҳри (Беларусь Республикаси) ва 28 февраль-2 март кунлари Истанбул шаҳри (Туркия Республикаси) да бўлади.
Ҳозирги кунда виртуал музейлар миллий маданий ютуқларнинг ёрқин рамзларига айланиб бормоқда, улар жамоатчилик онгини ва айниқса, ҳар бир инсонни ривожлантириш учун музейларнинг алоҳида аҳамияти борлигини намойиш этмоқда.
Виртуал музей (virtual - мумкин бўлган, яширин) - ҳақиқатда мавжуд бўлган музей (музей сайтлари) ёки ҳақидаги электрон ахборот воситалари орқали олиш мумкин бўлган маълумотлар. Виртуал музейлар электрон ахборот воситалари томонидан тақдим этиладиган интерактив хусусиятлардан фойдаланиш билан тавсифланади: фойдаланувчи уч ўлчамли заллар орқали "ҳаракат қилиши" мумкин, ҳар қандай маълумот ва тасвирларни олиши мумкин. Муҳим жиҳатлардан яна бири сайтга ташриф буюрувчилар билан доимий қайта алоқа таъминланади.
Ахборот технологиялари инсонга самарали таъсир кўрсатишга қаратилган кенг кўламли дастурий-техник воситаларни ўз ичига олади. Виртуал музей ҳам айнан ахборот технологиялари орқали эришилган ютуқ ҳисобланади. Улар ёрдамида мураккаб вазифаларни ҳал этиш, ташриф буюрувчиларни кенг жалб қилиш ва маълумотларни янада аниқ ва батафсил етказиш имкони пайдо бўлди.
МДҲ мамлакатлари маданий мероси виртуал музейининг ноёб имкониятлари сифатида қуйидагиларни қайд этиш мумкин:
- Реал дунёда мавжуд бўлмаган виртуал музей залларини яратиш имконияти;
- Бир тур доирасида турли мамлакатларда жойлашган ҳар хил експонатларни бирлаштирувчи виртуал 3Д турлар яратиш имконияти;
- Турли экспонатларни бирлаштирувчи виртуал экскурсиялар орқали халқларнинг тарихий ва маданий мероси билан чуқур танишиш имконияти;
- Тарихий ва маданий марказлар, ёдгорликлар, ҳудудларнинг виртуал саёҳатларини яратиш имконияти.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги