Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент тиббиёт академияси халқаро эътирофга сазовор бўлди
2020-02-26 | Таълим
Юртимиз тиббиёт олий таълим муассасалари ичида Тошкент тиббиёт академияси биринчи бўлиб Европа тиббиёт мактаблари уюшмасининг тўлақонли аъзосига айланди. Ушбу муҳим воқеа мазкур уюшма вице-президенти, Литванинг Вильнюс университети профессори Алгирдас Уткус бошчилигидаги делегация ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳамкорликда ташкил этилган қўшма “Таълим форуми”да эълон қилинди.
Форум доирасида академиянинг Европа тиббиёт мактаблари уюшмаси аъзолигига расман қабул қилинганлиги тўғрисидаги сертификат Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Лазиз Туйчиевга тантанали топширилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Европа тиббиёт мактаблари уюшмаси 1979 йилда Европа тиббиёт мактаблари раҳбарлари уюшмаси сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда уюшма тиббий таълимни ривожлантиришдаги энг муҳим масалаларни ҳал қилиш борасида Европадаги энг йирик олий тиббий таълим муассасаларидан биридир. Шу билан бирга, мазкур уюшма Европадаги аккредитация ташкилотлари билан биргаликда тиббий таълим дастурлари сифати, Европадаги олий таълим стандартлари ва Жаҳон тиббий таълим федерацияси стандартларига мувофиқлигини баҳолаш лойиҳаларини ҳам амалга ошириб келади.
Тошкент тиббиёт академиясининг нуфузли халқаро ташкилот – Европа тиббиёт мактаблари уюшмасига аъзо бўлиши Ўзбекистондаги тиббиёт олий таълим муассасаларининг халқаро даражага кўтарилиши ва илғор халқаро стандартларга мувофиқ, маҳаллий таълим дастурлари сифатини ошириш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан биридир.
Тантанали тадбир давомида Литва соғлиқни сақлаш вазирининг форум иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Вильнюс университети ва Тошкент тиббиёт академияси раҳбарияти томонидан тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, академия ўқув жараёнини кредит-модул тизимига ўтказиш бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини кредит-модул тизимига босқичма-босқич ўтказишга оид чоралар-тадбирлар кўзда тутилган.
Форум якунида Тошкент тиббиёт академияси ва Вильнюс университети ўртасида тиббий таълим сифатини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Вильнюс университети делегацияси ташриф доирасида бир қатор қўшма ўқув тадбирлар, Тошкент тиббиёт академияси ва унинг вилоятлардаги филиалларида талабалар билан учрашувлар, университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан маъруза ва амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги