Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тиббиётдаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда

2020-02-25 | Соғлиқни сақлаш

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталарининг қўшма йиғилишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт тизимида коррупциянинг олдини олиш ва коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш борасидаги ишлар ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг Фармони билан 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳани ислоҳ этиш бўйича 180 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар доирасида вазирлик томонидан жорий йил коррупцияга қарши курашиш йили, деб эълон қилиниб, аниқ чора-тадбирлар амалга ошрилмоқда.

Шунингдек, марказлаштирилган маблағларни ҳамда халқаро молия институтлари маблағларини ўзлаштиришда, халқаро талаблардан келиб чиқиб, тендер савдоларини ўтказишда мутлақо янги, шаффоф тизимга ўтилди. Соҳада лицензиялар беришда ҳамда хизмат кўрсатишда инсон омилини камайтириш мақсадида 5 та йўналишдаги хизматлар Давлат хизматлари агентлиги орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Жорий йил яна 10 та хизмат тури Давлат хизматлари агентлиги орқали амалга оширилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан профилактика ишлари мунтазам олиб борилиши йўлга қўйилди. Тизимда сусткашликка, таъмагирликка йўл қўйган ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўриб борилмоқда. Чунончи, 2017-2018 йиллар давомида 13 та ҳудудий бошқарма ва 180 та туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимидан озод этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар тасарруфидаги тиббиёт муассасаларининг 136 нафар раҳбари лавозимидан озод этилди ва уларнинг ўрнига республика тасарруфидаги муассасалардан мутахассислар ҳудудлардаги даволаш профилактика муассасасаларига раҳбар этиб юборилди.

Яна бир эътиборли томони, ўтган йил 1 февралдан бошлаб соғлиқни сақлаш тизимидаги барча давлаш профилактика муассасаларида асосий иш жойига тиббиёт ходимларини фақат тўлиқ ставкага ишга қабул қилиш тартиби белгиланди. Вазирлик тизимидаги тиббиёт муассасаларида беморлар ўртасида аноним сўров ўтказиш тартиби йўлга қўйилган бўлиб, сўров жараёнида аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳам тегишли чоралар кўриб борилмоқда. Вазирлик, тасарруфдаги ташкилотлари ҳамда ҳудудий бошқармаларда “Ишонч телефонлари” жорий этилди.

Сўнгги уч йилда ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида коррупция билан жиноятлар динамикаси камайишига эришилмоқда. Мисол учун, 2016 йилга нисбатан шу йилнинг 1 январь ҳолатга кўра, тизимда фаолият олиб борувчи ходимлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари қарийб икки баробарга камайган. 2018-2019 йилларда тизимда мансабдор шахслар ва ходимлар иштирокидаги қайд этилган 213 та коррупция ҳолатлар бўйича барчасига тегишли чоралар кўрилди.

Эшитув давомида парламент аъзолари томонидан соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш, улардаги коррупцияга шароит яратиб берувчи нормаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда илғор ахборот технологияларини жорий этиш орқали инсон омилини қисқартириш юзасидан таклифлар берилди.

Шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг ойлик маошларини янада ошириш чораларини кўриш, тизимда кадрларни, айниқса, ўрта тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш тизимини қайта танқидий кўриб чиққан ҳолда, соҳада шаффофликни таъминлаш, вазирлик ва унинг тизимида “коррупцияга қарши ички аудит” тизимини доимий олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Эшитув якунлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олиб, қўмиталар томонидан қўшма қарор қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться