Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ипак йўли» халқаро туризм университетида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
2020-02-25 | Туризм
Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети ташаббуси билан «Registon-Plaza» меҳмонхонасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
«Ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш: назария, амалиёт ва истиқболлар» мавзусида ўтказилган мазкур конференцияда кўплаб халқаро маърузачилар иштирок этишди. Айниқса, германиялик профессор Десмонд Вининг чиқиши қатнашчиларда катта таассурот уйғотди.
У Ўзбекистоннинг, жумладан Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятига юқори баҳо берди. Шимолий Кавказ федерал университети (Россия), Қозон федерал университети, Сочи давлат университети, Хазар университети (Озарбойжон), Арман туризм институти (Арманистон) ва яна кўплаб халқаро олийгоҳлар билан ҳамкорликда ўтказилган бу анжуманда Сандип Валия (Ҳиндистон), Танзил Муҳаммад Мултазам (Индонезия), Пуджа Чоудхари (Ҳиндистон), Бейкен Чизел (Туркия) каби машҳур маърузачилар нутқ сўзлади.
Конференцияда Самарқанд вилояти ҳокимининг Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев сўзга чиқиб, Самарқандда сайёҳлар оқимини ошириш учун янги туристик маршрутларни очиш кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, Самарқандга келувчи сайёҳлар сонини ошириш режасини фақат тарихий биноларгагина ишониб бажариб бўлмайди.
Шунингдек у сайёҳлар учун Самарқанд ташқарисида ҳам бориш мумкин бўлган жойларни кўпайтириш кераклигини қайд этди. Илмий-амалий конференция якунида «Ипак йўли» халқаро туризм университети талабалари орасида туризмга оид энг яхши мақола муаллифлари сертификат ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Конференция доирасида «Ипак йўли» туризм халқаро университети ҳамда Lovely профессионал университети (Ҳиндистон), Кана университети (Ҳиндистон), Сидоаржо университети (Индонезия) ва Халқаро Ислом академияси (Ўзбекистон) каби олийгоҳлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги