Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кадрлар малакасини оширишда идоралараро ҳамкорлик
2020-02-25 | Таълим
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқув-курслари, давра суҳбатлари ва илмий семинарлар ташкил этиб келмоқда. Хусусан, Малака ошириш марказида Бош прокуратура Академияси билан ҳамкорликда “Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш” йўналишида 24 нафар солиқ ходими учун 72 соатлик махсус курс ташкил этилди.
Мазкур курсга жалб этилган тингловчилар:
– янги таҳрирдаги Солиқ кодекси, 2020 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ва қонунчиликдаги ўзгаришлар;
– юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини ундиришда асосий эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, қарздорликнинг юзага келиш сабаблари, умидсиз солиқ қарзи ва уни ҳисобдан чиқариш тартиби;
– хавфни таҳлил қилиш ва солиқ тўловчиларни сегментлаш, солиқдан қочиш схемалари ва уларни бартараф этиш йўллари, яширин иқтисодиётни олдини олиш ва доимий назорат қилиб бориш;
– солиқ қарзини мажбурий ундирувга қаратиш бўйича дастурий маҳсулотдан фойдаланиш;
– солиқ ва валюта соҳасидаги жиноятлар, иқтисодий жиноятлар тушунчаси, хусусияти турлари ва жавобгарлик масалалари, иқтисодий-молиявий жиноятлар бўйича хориж тажрибаси, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш миллий тузилмалари, уларга юклатилган вазифа ва функциялар каби мавзулардаги машғулотларда иштирок этди.
Курсни якунлаган тингловчиларга Малака ошириш маркази ҳамда Бош прокуратура Академиясининг қўшма сертификатлари топширилди.
Айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда республика солиқ тизимида солиқ қарзини ундиришни ташкил этиш йўналишида 840 нафар ходим фаолият кўрсатади.
2020 йил охиригача мазкур йўналишдаги ўқув-курсларини масофавий таълим шаклида ташкил этиш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси