Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда илмий-амалий конференция ўтказилди
2020-02-25 | Фан
Жорий йилнинг 21 февраль куни Самарқанд давлат университетида “Самарқанд вилоятини инновацион ривожлантириш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Тадбирда республика олий таълим муассасалари илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари, илмий-тадқиқот институтларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари, вилоят тармоқ ташкилот раҳбарлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда бошқа турли ташкилотлардан таниқли мутахассислар, олимлар ҳудудларни инновацион ривожлантириш бўйича шу куннинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун йиғилди.
Конференция ялпи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Халмурадов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди.
Анжуман ялпи йиғилиши ва шўъба йиғилишларида соҳалар бўйича юздан ортиқ маърузалар тингланди. Маърузаларда вилоят ҳудудида мавжуд муаммолар олимлар ва соҳа мутахассислари томонидан муҳокама қилинди.
Конференция давомида ҳудудлардаги муаммолар муҳокама қилинди, илмий-тадқиқот ишларининг ушбу долзарб муаммолар ечимига йўналтирилган мавзулари шакллантирилди.
Шунингдек, конференция доирасида олий таълим муассасаларидан илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари, илмий ташкилотларнинг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари ўзаро тажриба алмашишди ҳамда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларда илмий инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари юзасидан ишчи йиғилиш ўтказилди.
Анжуман давомида Самарқанд вилоят олий таълим муассасалари тижоратлаштиришга тайёр ишланмалари кўздан кечирилди ҳамда амалиётга жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги